Россиядан Ўзбекистонга учаётган самолёт аномал метеорологик ҳодисага учради

Олам

image

Россиядан Красноярск-Тошкент йўналишида учаётган самолёт парвоз вақтида “аномал метеорологик ҳодиса” – дўлга дуч келди. Бу ҳақда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 3 август куни Красноярск шаҳридан парвозни амалга ошираётган A320 UK32015 самолёти Россия ва Қозоғистон чегарасида дўлга дуч келган. Хабарда айтилишича, бу 11 минг метр баландликда учаётган самолёт учун аномал метеорологик ҳодиса ҳисобланади.

Дўл оқибатида ҳаво кемаси олди ойналари шикастланган. Парвоз белгиланган процедуралар амалга оширилганидан сўнг давом эттирилган. Самолёт бортида 174 нафар йўловчи ва 6 экипаж аъзоси бўлган. Бироқ улар жароҳат олгани ҳақида маълумот келтирилмаган. Тошкентга қўниш жадвалга мувофиқ амалга оширилган. Парвоздан кейинги текширувда метеолокатор бурун конусининг шикастланиши аниқланган.

“Ҳозирда шикастланган қисмни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Яқин кунларда ҳаво кемаси мунтазам равишда парвозларни амалга оширишни бошлайди. Ушбу ҳодиса парвозларни давом эттириш учун таҳдид ёки жиддий муаммо туғдирмайди”, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га тегишли Истанбул-Самарқанд рейсини амалга ошираётган самолёт Озарбайжоннинг Баку шаҳри аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлгани хабар қилинганди. Бунга йўловчилардан бирининг соғлиғи кескин ёмонлашиши сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

самолёт Красноярск-Тошкент аномал метеорологик ҳодиса

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг