Самарқандга учаётган самолёт Бакуга фавқулодда қўнди
Олам
−
03 Август
8446“Ўзбекистон ҳаво йўллари”га тегишли Истанбул-Самарқанд рейсини амалга ошираётган самолёт Озарбайжоннинг Баку шаҳри аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда “1News” хабар берди.
Самолёт Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортга келиб қўнган. Бунга йўловчилардан бирининг соғлиғи кескин ёмонлашиши сабаб бўлган.
Вазиятга тезкор жавоб бериш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш учун аэропортнинг барча хизматлари тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Airbus A320 самолёти маҳаллий вақт билан соат 18:45 да Баку аэропортига муваффақиятли қўнди. Йўловчига зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
“Соғлиғи яхшиланиб, розилиги билан йўловчи сўнгги манзилигача сафарини давом эттирди”, дейилади хабарда.
Самолёт маҳаллий вақт билан 21:07 да Бакудан Самарқандга учиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Деҳлидан Чикагога учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнишни амалга оширгани хабар қилинганди. Ўшанда ҳам фавқулодда қўнишга йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб бўлганди. Самолётда бўлган 86 ёшли аёл юрак хуружига учраганди.