Энергетика вазирлиги Россия компанияси билан келишув мазмунини очиқлади

Жамият

image

Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия компанияси ўртасида газ бўйича “йўл харитаси” имзолангани ҳақида хабар берилганди. Имзоланган “йўл харитаси”га мувофиқ, томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, Россиядан Ўзбекистонга табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади.

“Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “йўл харитаси”да Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон билан ҳам газ саноатида ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди.

2022 йилнинг 28 ноябрида эса Россия ва Қозоғистон президентлари Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаев Кремлдаги учрашувда Ўзбекистон билан “уч томонлама газ иттифоқи”ни тузишни муҳокама қилган эди. Кўплаб ўзбекистонлик иқтисодчилар эса бундай иттифоқ Ўзбекистон манфаатларига зид эканини айтиб, эътироз билдирган.

Шунингдек, кўп ўтмай Қозоғистон Россия ва Ўзбекистон учлигида газ иттифоқи тузилишига қарши эканини билдириб чиққан эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

газ Россия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг