Россиядаги техникумда отишма содир бўлди. Қурбон бор
Олам
−
18:02 2521 1 дақиқа
Бугун, 11 февраль куни Россиянинг Анапа шаҳридаги саноат техникумида 18 ёшли талаба томонидан отишма содир этилди. Оқибатда бино қўриқчиси ҳалок бўлган ва яна уч киши жароҳатланиб шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда “Mash” хабар берди.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратевнинг айтишича, ҳалок бўлган қўриқчи хавфсизлик тугмасини босишга улгурган. Шу орқали қурбонлар сони кўпайишини олди олинган. Шунга қарамай, отишма оқибатида уч киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.
Воқеа жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот ходимлари 2008 йилда туғилган талабадан силлиқ дастали ов қуроли, ўқ-дорилар солинган нимча ва ўнлаб патронларни мусодара қилган. Ҳозирча ҳужумнинг аниқ сабаблари маълум эмас. Мутахассислар қуролнинг қонуний ёки ноқонуний эканлигини ва техникумдаги хавфсизлик тизимини текширмоқда.
Бу фожиа нафақат воқеа содир бўлган ҳудуд учун, балки бутун Россиядаги мактаб ва техникумларда хавфсизлик масалаларини қайта кўриб чиқишга туртки бўлмоқда. Шунингдек, ёшлар орасидаги руҳий саломатлик масалалари ва қурол назоратининг долзарблигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Канаданинг Британия Колумбияси провинциясидаги Тумблер-Риж шаҳри ўрта мактабида содир бўлган отишма оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Фарангиз Суннатова
Live
Барчаси