Россиядаги сайловларда ғолиб чиққан асли ўзбекистонлик номзод тўрт кунда мандатини топширди

Олам

image

Россиянинг Москва вилоятида ўтказилган депутатлик сайловларида “Ягона Россия” (Единая Россия) партиясидан Пушкино муниципал кенгашига депутат этиб сайланган асли ўзбекистонлик Баҳромжон Ҳасанов ғалабасидан тўрт кун ўтиб мандатидан воз кечди.  Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Баҳромжон Ҳасанов депутатликка сайланганидан кейин интернетда миллатчилар босимига учраган. Партия эълон қилган хабарга таянилса, Ҳасанов ўз ихтиёрига кўра истеъфога чиққан ва Пушкино депутатлар кенгаши сайловдан кейинги илк йиғилишда унинг ваколатларини тугатиш ҳақидаги сўровини қўллаб-қувватлаган. Давлат Думасининг ахборий сиёсат бўйича қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн Ҳасанов депутатлик ваколатларини “ихтиёрий-мажбурий” тарзда топширгани ҳақида айтган.

“Одамларнинг норозилигига собиқ мигрант депутат бўлганининг ўзи эмас, у махсус ҳарбий амалиёт иштирокчиларини алдашда айбланаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Мен хурсандман. Бундай депутатлар бизга керак эмас”, деб ёзган Хинштейн Теlegram саҳифасида.

Хинштейннинг ёзишича, Ҳасанов ҳарбийларга бузуқ машина совға қилган, улар унга таъмирлаш учун 70 минг рубль берганида эса машинани таъмирлаб бермаган. Машина таъмирланиши борасида келтирилган ушбу жумлалар “Царьград” мақоласидан ўрин олган бўлиб, мақола “Рус ҳамжамияти” миллатчилик ташкилоти фаолларининг сўзлари асосида ёзилган. Унда Ҳасановни “янги рус” ва “қуёшли республикадан келган айёр фуқаро” каби сўзлар билан аташган.

Маълумот учун, Баҳромжон Ҳасанов 1980 йилда Ўзбекистонда туғилган. 17 ёшигача Тожикистонда яшаган, кейин Москва яқинидаги Пушкино шаҳрига кўчиб борган. У 2018 йилда Россия фуқаролигини олган. Аввалроқ у Россия қўшини Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан кейин ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига боргани ва россиялик ҳарбий хизматчиларга ёрдам кўрсатгани ҳақида айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда депутатни калтаклаган ўзбекистонлик қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Москва сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг