Россиядаги мактабда теракт уюштирган эркак умрбод “Қора дельфин”да қолади
Олам
−
09 Август 2023
93952021 йилнинг май ойида Россиянинг Қозон шаҳридаги мактабда теракт уюштирган Ильназ Галявиев умрбод қамоқ жазосини Оренбург вилояти Соль-Илецк шаҳридаги “Қора дельфин” номи билан машҳур бўлган ИК-6 қамоқхонасида ўтайди. Бу ҳақда Татаристон прокуратурасига таяниб, ТАСС хабар берди.
Ильназ Галявиев 2021 йилнинг 11 май куни Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияда ўқувчилар томонга ўқ узган ва портлаш содир қилган. Оқибатда 7 нафар мактаб ўқувчиси ва 2 нафар ўқитувчи воқеа жойида ҳалок бўлган ҳамда 139 киши оғир жароҳат олган. Юқоридаги ҳолат бўйича жами 600 нафардан ортиқ одам жабрланувчи сифатида тан олинган.
Татаристон Олий суди Галявиевни умрбод қамоқ жазосини махсус режимли колонияда ўташга ва 200 минг рубль миқдорида жаримага ҳукм қилган. Шунингдек, Нижний Новгороддаги умумий юрисдикциянинг тўртинчи апелляция суди мазкур ҳукмни ўз кучида қолдирган.
Маълумот учун, “Қора дельфин” (ИК-6) қамоқхонаси ўта ўғир режимли колония бўлиб, унда асосан 5 ва ундан ортиқ жиддий айбловлар қўйилган маҳбуслар сақланади. Террорчилар, рецидивист ва умрбодга қамалган хавфли қотиллар шулар жумласидан.
LiveБарчаси