Россияда Валерий Меладзе устидан текширув бошланди
Олам
−
07 Апрель 2023
12914Москва прокуратураси россиялик машҳур хонанда Валерий Меладзе устидан текширув ўтказади. У Украина Қуролли кучларини молиялаштирганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Айни пайтда Украина Қуролли кучларига моддий ёрдам кўрсатганликда гумонланиб, Меладзега нисбатан текширув ўтказиш Москва прокуратурасига топширилган”, деб маълум қилган Россия Бош прокуратураси.
Билдирилишича, “Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш федерал лойиҳаси” жамоат ташкилоти раҳбари Виталий Бородин Бош прокурор Игор Красновга хонандага нисбатан тегишли текширув ўтказишни сўраб мурожаат йўллаган. Унинг таъкидлашича, Валерий Украинадаги “махсус ҳарбий операция”ни бир неча бор танқид қилган. Шунингдек, БААдаги корпоратив кечада украиналик миллатчиларнинг шиорини айтган.
Қайд этиш жоизки, март ойи охирида қўшиқчи Валерий Меладзенинг Красноярск, Иркутск, Новосибирск, Барнаул, Кемерово ва Ростов-на-Дондаги режалаштирилган концертлари бирданига бекор қилинган.
Маълумот учун, Валерий Меладзе 1965 йил Грузияда туғилган. У қўшиқчи, продюсер, телебошловчи ва актёр ҳисобланади. Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист, Чеченистон Республикаси халқ артисти каби унвонлари бор.