Россияда ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳужжатлари олиб қўйилди (видео)

Олам

−

image

Ижтимоий тармоқларда Россиянинг “Инсити Логистика” МЧЖда ишлаётган ўзбекистонликларнинг ҳужжатлари олиб қўйилгани ва иш ҳақи тўланмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Миграция агентлиги расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, кеча, 28 сентябрь куни ушбу масала юзасидан Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонасига мурожаат келиб тушган. Шундан сўнг ваколатхона ходимлари зудлик билан воқеа жойига чиқиб, иш берувчи билан музокара ўтказган.

Натижада ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳужжатлари қайтарилган. Иш берувчи эса тўланмаган иш ҳақини 48 соат ичида тўлаш мажбуриятини олган.

Тарқалган видеода эса ходимлар иш ҳақи ва бўнак (аванс) масаласида иш берувчидан изоҳ талаб қилгани акс этган.

Миграция агентлиги мазкур масала ваколатхона назоратида эканини маълум қилган.

Маълумот учун, Россияда ҳозирда вақтинча ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони қарийб 1,3 миллионни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Волгоград вилоятида ўтказилган рейд давомида 34 нафар Ўзбекистон фуқароси Россия ҳудудида ноқонуний яшаётгани аниқланганди. Улар куч ишлатар тизими ходимлари томонидан ўрдакча юришга мажбурлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг