Россияда ўзбекистонлик мигрантлар кўпайса кўпаядики, камаймайди – Эксперт
Олам
−
05 Октябрь 2023
11715Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан ривожланиши Россияга меҳнат муҳожирлари сонининг камайишига олиб келмайди. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг Е.М.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти катта илмий ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчин ОАВга берган интервьюсида сўз очди.
Интервьюда Ўзбекистон ривожланиб, у ерда иш ўринлари яратилса, Россияга мигрантлар оқими камайишини кутиш мумкинми, деган савол кўтарилган. Бунга россиялик Марказий Осиё бўйича сиёсий эскперт Притчиннинг жавоби қуйидагича бўлган:
“Бу Россияга миграция оқимига жиддий таъсир қилади, деб ўйламайман. Аҳоли сони бўйича Ўзбекистон шу қадар тез ўсиб бормоқдаки, ички муҳожирлар етарли, хорижга ишлаш учун бориш зарурати юқорилигича қолмоқда. Шундай экан, Ўзбекистоннинг ривожланиши Россияга бўлаётган ҳозирги миграция жараёнларига жиддий таъсир кўрсатмаслиги керак”.
“БИЗНЕС Online” лойиҳасининг қайд этишича, 2016 йилда Россия ҳудудида 1 миллион 800 минг ўзбек муҳожири бўлган. Улар ҳар йили уйларига 5 миллиарддан 8-10 миллиард долларгача жўнатишган.
Притчиннинг фикрича, Россияда ишлаётган ўзбек муҳожирлари сони ошиб бормоқда ва бугун Тошкентнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабати ўзгарган.
“Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони сақланиб қолмоқда ва ҳатто ортиб бормоқда, чунки Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан хорижда ишлаётган фуқароларга муносабат кескин ўзгарди. Москва ва Тошкент ўртасидаги биринчи келишувлардан бири меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилувчи миграция алоқалари масалаларига тегишли эди. Айни пайтда Ўзбекистон Камбағалликни қисқарртириш ва бандлик вазирлиги томонидан Россия бўлимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи мақсадли ишга қабул қилиш тизими фаолият юритмоқда.
Муайян мутахассисликлар бўйича ишлаш кўникмасига эга бўлган, муайян лойиҳалар бўйича давлатлараро шартномалар доирасида Россияга расмий равишда борадиган Ўзбекистон фуқаролари учун қайта тайёрлаш марказлари ташкил этилди. Биз бу борадаги муносабатларни нормаллаштириш устида доимий иш олиб борамиз. Албатта, ўтган йиллар ўз изларини қолдирди, Ўзбекистондан Россияга ўз-ўзидан кўплаб муҳожирлар келган. Баъзилари ўз ўрнига эга бўлди, бошқалари Россия фуқаролигини олди.
ЯИМга нисбатан Россиядан Ўзбекистонга ўтказилган трансферлар сони ҳозир бироз пастроқ. Аммо сўнгги икки йил ичида улар мутлақ рақамлар бўйича рекорд ўрнатдилар. 2022 йилда Россиядан Ўзбекистонга рекорд даражадаги 16,9 миллиард доллар ўтказилди, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 25 фоизига тенг. Бутун Ўзбекистон миқёсида ҳам бу жиддий миқдор. Шуни ҳам тушунишимиз керакки, Россиядан юборилаётган ва Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги оилаларга бораётган пул ўтказмалари ижтимоий барқарорликнинг муҳим омили бўлиб, улар ёрдамга муҳтож бўлган аниқ одамларга юборилади. Шу боис Ўзбекистон хорижда, биринчи навбатда, Россияда Ўзбекистон фуқаролари учун максимал қулай шарт-шароитлар яратиш ва шаффоф, барқарор меҳнат шароитларини таъминлашдан манфаатдор, чунки бизда уларнинг аксарияти мавжуд”, дейди Притчин.
Маълумот учун, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига кўра, жорий йилнинг январь-август ойларида 28 минг 207 нафар Ўзбекистон фуқароси хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 7,5 фоизга кўп. Эътиборлиси шундаки, уларнинг қарийб 72,5 фоизи (20 минг 450 нафар) Россияга жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати армия сафини Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Улар кўпинча зўравонликка асосланган рейдлар орқали тўпланади. Ҳарбий комиссияларга олиб борилган муҳожирлар таҳдид ва калтаклардан сўнг Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур бўлади.
LiveБарчаси