Россияда ўқувчи ўқитувчисини пичоқлаб ўлдирди
Олам
−
07 Апрель 5177 3 дақиқа
Бугун, 7 апрель куни Россияда йил бошидан бери иккинчи марта ўқувчи ўқитувчига пичоқ билан ҳужум қилди. Перм ўлкасида содир бўлган ҳодиса оқибатида ўқитувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят раҳбари Дмитрий Махонин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Маълум қилинишича, Перм ўлкасининг Добрянка шаҳрида 5-мактабнинг 17 ёшли ўқувчиси ўқитувчига пичоқ билан ҳужум қилган. Педагог оғир аҳволда шифохонага ётқизилган ва унга ёрдам кўрсатиш учун Перм шаҳридан шифокорлар бригадаси юборилган.
“Бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади”, деб ёзган губернатор.
Ҳалок бўлган аёл 55 ёшда бўлиб, у рус тили ва адабиёти фанидан дарс берган. “Shot”га кўра, у ҳужум қилган ўсмирнинг синф раҳбари ҳам бўлган. Ўқувчининг ўқитувчига нисбатан шахсий адовати бўлгани айтилмоқда.
Билдирилишича, мактабда “Саломатлик куни” тадбири ўтказилаётган бўлган. Эрталаб мактаб ҳовлисида умумий бадантарбия машқлари режалаштирилган бўлиб, болалар саф тортишни бошлаган. Ўсмир ўқитувчини мактаб кириш қисмида кутиб олиб, унга бир неча бор пичоқ билан зарба берган. Ҳудудий ички ишлар органлари гумонланувчининг қўлга олинганини маълум қилган.
Маълумот учун, бу йил бошидан бери Россияда ўқувчининг ўқитувчига пичоқ билан ҳужум қилиши билан боғлиқ иккинчи ҳолат ҳисобланади. Аввалги воқеа жорий йилнинг 3 февраль куни Красноярск ўлкасидаги 4-мактабда содир бўлган бўлиб, унда 14 ёшли ўқувчи қиз ўқитувчига пичоқ билан ҳужум қилишга уринган. Оқибатда унинг синфдоши жароҳат олган эди.
Қобилжон фожиаси
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У аввалига синфхоналарга кириб, ўзи учун ўлжа қидирган. Уни пайқаган мактаб қўриқчисига қарата кўзни ачиштирувчи газ пуркаган ва уни пичоқлаган. Шундан кейин у шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси – тожикистонлик мигрант оила боласи Қобилжон Алиевни пичоқлаб ўлдирган.
Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.
Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олингач, унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.
17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.
18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ушбу қотиллик бўйича 15 ёшли Россия фуқаросини қўлга олиб, унга нисбатан “қотиллик” ва “қотилликка суиқасд” моддаларига асосан жиноят иши қўзғатган. Суд қарорига кўра, гумонланувчи икки ой муддатга дастлабки қамоққа олинди.
22 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия етакчиси Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирди ва айбдорлар албатта жазоланишини ваъда қилди.
Шаҳзода Шукуруллаева
Live
Барчаси