Россияда ўқувчи қиз синфдошини отиб ўлдирди
Олам
−
07 Декабрь 2023
16899Россиянинг Брянск шаҳри 5-сонли гимназияда 8-синф ўқувчиси отишма содир қилди. Бу ҳақда "Известия" нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
7 декабрь куни Алина исмли ўсмир қиз мактабга отасининг ов милтиғини олиб келган. Сўнгра ўқув биносининг тўртинчи қаватига, биология дарси ўтиладиган хонага кўтарилиб, ўқувчиларга қарата бир-неча марта ўқ узган. Оқибатда беш киши жароҳат олган ва 14 ёшли Мария исмли қиз ҳалок бўлган. Отишма уюштирган Алинанинг эса ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.
Нашр суҳбатдошлари бунга ўсмир қизнинг бошланғич синфидан бери мактабда ҳақоратлангани сабаб бўлиши мумкинлигини билдирган.
Давлат Думаси депутати Александр Хинштейн мактаб ўқувчиси ўқ узгани айтилаётган қурол суратини эълон қилди. Унга кўра, отишма “Бекас-3” ов милтиғидан амалга оширилган. Депутат “ўқотар қурол сақлашга бепарво муносабат” ҳам ушбу воқеа юз беришининг асосий омили эканини қўшимча қилган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ёрдамчиси Алексей Кузнецов жабрланганлардан бири операция қилинаётганини маълум қилган.
"Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашконинг шахсан ўзи жабрланганларга ёрдам кўрсатишни назоратга олди”, деган у.
Аҳволи оғирлиги айтилаётган икки нафар ўқувчи эса вертолётда даволаниш учун Москвага олиб кетилган.
LiveБарчаси