Россияда уч кунлик парламент сайловлари бошланди

Олам

image

Бугун, 18 сентябрь куни Россияда Давлат думаси депутатларининг уч кунлик сайлови бошланди. Овоз бериш 18 сентябрдан 20 сентябргача бўлиб ўтади. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Қайд этилишича, федерал округ бўйича сайловда 10 та сиёсий партия иштирок этмоқда. “Яблоко” партияси парламентга ўз номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Россия фуқаролари Давлат думасининг 450 нафар депутатини сайлайди: уларнинг тенг ярми партиялар рўйхати бўйича, қолган ярми эса бир мандатли округлар бўйича сайланади. Регионлардаги сайлов участкалари уч кун давомида маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 20:00 гача очиқ бўлади. Уларнинг энг биринчилари Камчатка ва Чукоткада ўз ишини бошлаган.

Қайд этиш жоиз, Давлат думаси сайловларида илк бор 2022 йилда Россия таркибига қўшиб олинган Донецк Халқ Республикаси (ДХР), Луганск Халқ Республикаси (ЛХР), Запорожье ва Херсон вилоятлари аҳолиси овоз бермоқда. Улар учун, шунингдек, бошқаларга нисбатан тез-тез ҳужумларга учрайдиган бир қатор регионлар сайловчилари учун муддатидан олдин овоз бериш имконияти кўзда тутилган.

Рўйхатлар бўйича овоз бериш бюллетенига “Единая Россия”, ЛДПР, “Партия прямой демократии”, “Зеленые”, “Справедливая Россия”, “Родина”, КПРФ, “Партия пенсионеров”, “Коммунисты России” ва “Новые люди” киритилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг