Россияда Сталинга 110-ёдгорлик ўрнатилди
Олам
−
02 Октябрь 2023
6983Россияда Сталиннинг 110-ёдгорлиги пайдо бўлди – уларнинг 90 фоизи Путин даврида ўрнатилган. Қрим аннекция қилинганидан кейин “доҳий” шарафига ёдгорликларни қуриш суръати икки баравар ошган. Бу ҳақда “Можем объяснить” Telegram-каналида маълум қилинди.
Тверь вилоятидаги бюст Украинага босқин бошланганидан бери Россияда ўрнатилган Сталиннинг тўртинчи ёдгорлиги бўлиб чиқди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос шиорлар ва ҳарбий тарғибот билан очилган. “Сталин Россияни мустамлакага айланишдан қутқарди”, “у улуғ ватан урушида ғалабамизнинг асосий сабабчиси” кабилар шулар жумласидандир.
"90-йилларда мамлакатда Сталинга атиги бешта ёдгорлик ўрнатилган бўлса, Путин ҳокимиятга келгач эса уларнинг сони 37 тага етди. Сталинга йилига ўртача 4 та ҳайкал қўйилган бўлса, 2014 йилдан сўнг Сталин суратлари сони янада ошиб кетди”, дейилади хабарда.
Унга кўра, жамоат жойларида Сталинга 110 та ёдгорлик ўрнатилган бўлиб, улардан 95 таси Путиннинг ҳокимияти бошланишидан токи ҳозиргача қўйилган. Сталин ёдгорликлари орасида 22 та ҳақиқий ўлчамдаги ҳайкаллар мавжуд.
Ёдгорликлар 40 та вилоятда, жумладан, 15 та вилоят марказларида жойлашган.
Манбага кўра, Сталин ҳайкаллари бўлган аҳоли пунктлари сони бўйича биринчи учликка Шимолий Осетия, Доғистон ва Якутия киради.
Акобир Сайидов