Россияда оғир аҳволда қолган аёл 3 фарзанди билан Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
17 июл 2105 1 дақиқа
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Россияда оғир аҳволга тушган ўзбекистонлик аёл уч нафар фарзанди билан ортга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, элчихонанинг консуллик бўлимига Ўзбекистон фуқароси А.С. томонидан мурожаат келиб тушган. У 15 йилдан ортиқ вақт давомида Россияда қонуний мақомсиз яшаб келгани, ҳужжатлари ва молиявий имкониятлари йўқлиги сабабли фарзандлари учун муносиб шароит ярата олмаётганини билдириб, Ўзбекистонга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Маълум қилинишича, консуллик бўлими ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида Россиянинг тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда аёлнинг уч нафар фарзанди учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ҳамда консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси кўмагида аёл ва унинг фарзандлари учун Москва – Урганч йўналишига авиачипталар харид қилиниб, уларнинг Ватанга хавфсиз қайтиши таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ортга қайтарилган эди.
Live
Барчаси