Россияда наркотик сақлашда айбланган ўзбекистонлик 13 йилга қамалди
3-саҳифа
−
19 Июль
4468Россияда Ўзбекистон фуқароси героин сотганликда айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Ural Insider” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Пермь шаҳрининг Свердловск туман суди Ўзбекистон Республикасида туғилган 25 ёшли фуқарони 5 та жиноят содир этганликда, шу жумладан, Россия Жиноят кодексининг 228-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини катта миқдорда сотиш)га кўра, айбдор деб топиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Аниқланишича, у 2021 йилнинг октябрь ойида жиноий гуруҳда курьер ва қадоқловчи вазифасини бажарган. Ўзбекистонлик 570 граммдан ортиқ героинни қадоқлаш ва сотиш учун олгани ва Свердловск шаҳридаги хонадонида сақлагани айтилмоқда.
Тезкор тадбирлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жиноятчи қўлга олинган. Гиёҳванд моддалар сотувчисининг уйи кўздан кечирилганда, сотиш учун тайёрланган 90 дан ортиқ ўрам героин топилган. Суд давлат айбловининг позициясини инобатга олиб, судланувчини 250 минг рубль миқдорида жарима билан қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўташ учун 13 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Суднинг ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган, апелляция бериш имкони мавжуд. Шунингдек, Пермь ўлкаси прокуратураси ушбу жиноятнинг шерикларига нисбатан жиноят иши алоҳида процессларга ажратилгани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда депутатни калтаклаган ўзбекистонлик қўлга олинганди.