Россияда мотам эълон қилинди
Олам
−
01 Июнь 88690 2 дақиқа
Россиянинг Брянск вилоятида поезд ҳалокати туфайли 2 июндан 4 июнгача уч кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят губернатори Александр Богомаз маълум қилди.
Губернаторга кўра, мотам кунларида Брянск вилоятининг барча ҳудудларида Россия байроғи, вилоят ва маҳаллий байроқлар ярим устунга туширилади. Ҳудуддаги маданият муассасалари ҳамда телевидение ва радиоканаллар барча кўнгилочар тадбирлар ва эфирларни бекор қилади.
Шунингдек, Богомаз ҳалок бўлганларнинг оилаларига яна бир бор ҳамдардлик билдириб, вилоят ҳокимияти томонидан уларнинг яқинларига ва жабрланган йўловчиларга ёрдам кўрсатилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 31 май куни кечаси Брянск вилоятининг “Пилсино-Вигоничи” йўналишида автомобиль кўприги қулаб тушганди. Унинг бўлаклари “Климово – Москва” йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезд устига қулаган. Поездда 388 нафар йўловчи бўлган. Ҳодиса оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, 70 дан ортиқ киши тан жароҳати олган.
Россия Тергов қўмитасининг маълумотига кўра, кўприкнинг қулашига портлаш – яъни атайлаб уюштирилган саботаж сабаб бўлган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Воқеа муносабати билан бир қатор минтақа раҳбарлари ҳамдардлик билдирган.
Шунингдек, худди шу кечаси Курск вилоятида темирйўл кўприги поезд билан биргаликда қулаб тушган. Тергов қўмитаси бу ерда ҳам сабаб сифатида портлашни кўрсатган. Оқибатда юк поезди кўприкдан чиқиб кетиб, йўлга қулаган.
Live
Барчаси