Россияда миграция қонунчилигига доир 3 та ўзгариш маъқулланди
Олам
−
23 Октябрь
11190Россия Давлат Думаси ялпи мажлисида миграция қонунчилигига ўзгартиришлар киритувчи қатор лойиҳалар биринчи ўқишда маъқулланди. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат Думаси миграция сиёсатини кучайтириш учун учта қонун лойиҳасини маъқуллаган. Улардан бирида мигрантлар учун кенг қамровли имтиҳонни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни учинчи шахсларга беришни тақиқлаш белгиланди. Хусусан, мигрантларни имтиҳондан ўтказадиган таълим ташкилотлари рўйхатини тузиш фақат ҳукумат зиммасига юклатилиши таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, биринчи ўқишда ноқонуний миграцияни ташкил этишда сохта ҳужжатлар тайёрлаганлик учун юридик шахсларга жавобгарлик жорий этишни кўзда тутган қонун лойиҳаси ҳам қабул қилинди. Унга кўра, биринчи марта қонунбузарлик содир этилганида жарима 5 миллиондан 10 миллион рублгача, такрорий қонунбузарликда эса 10 миллиондан 60 миллион рублгача бўлади. Ҳозирда бундай қонунбузарлик учун 400 мингдан 1 миллион рублгача жарима белгиланган.
Бундан ташқари, эндиликда Россия Жиноят кодекснинг 19.23-моддасининг амалдаги қисмига мувофиқ (ҳужжатларни сохталаштириш ва улардан фойдаланиш), чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни сохталаштирганлик учун жарима миқдори 50 мингдан 100 минг рублгача бўлади, такрорий ҳолатда эса 100 мингдан 300 минг рублгача жарима қўлланилади. Ҳозирда бу учун 30 мингдан 50 минггача ва 50 мингдан 100 минггача жарима белгиланган.
Биринчи ўқишда, шунингдек, ноқонуний миграция хизматларини тақдим этиш ва ноқонуний миграцияни ташкил қилиш усуллари бўйича таклифлар жойлаштирилган сайтларни судсиз блокировка қилишни назарда тутган қонун лойиҳаси ҳам қабул қилинган. Бу ўзгаришлар мамлакатнинг “Ахборот, ахборот технологиялари ва ахборотни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунига киритилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин жорий йил якунигача миграция сиёсати билан боғлиқ 5 та қонун қабул қилиниши мумкинлигини маълум қилган эди.