Россияда йил охиригача миграцияга оид 5 та қонун қабул қилиниши мумкин
Олам
−
16 Октябрь
5190Россияда жорий йил якунигача миграция сиёсати билан боғлиқ 5 та қонун қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда Россия Давлат Думасининг раиси Вячеслав Володинга таяниб, РБК хабар берди.
Қайд этилишича, Володин 2025 йилнинг март ойида миграция сиёсати бўйича ҳукумат соати муҳокамаси ўтказилиши мумкинлигини эълон қилган. Володинга кўра, бу таклиф бугун, 16 октябрь куни Давлат Думаси Кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади.
“Ушбу қонунлар кучга киргандан сўнг, ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича амалиёт қандай ишлаётганини кўриш муҳим. Март ойига келиб, уни таҳлил қилиш имконига эга бўламиз", дейди Володин.
Шунингдек, у Давлат Думасининг ҳукумат билан биргаликда мамлакатда миграция сиёсатини тартибга солиш тамойилларини такомиллаштириш ниятида эканини таъкидлаган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг октябрь ойи бошида Володин парламентнинг қуйи палатасига киритилган бешта миграция билан боғлиқ қонун лойиҳасини 2024 йил охиригача қабул қилишга ваъда берган. Давлат Думаси раисининг сўзларига кўра, ушбу ташаббуслар кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган. У қонун лойиҳаларининг мақсадини миграция соҳасида тартиб ўрнатиш деб атаган.
Мазкур қонун лойиҳалар қуйидаги таклифларни ўз ичига олади:
- Россияда ноқонуний бўлишни жиноят содир этишда оғирлаштирувчи ҳолат деб тан олиш;
- Ноқонуний миграцияни ташкил этишни оғир жиноят деб белгилаш;
- Миграция соҳасида ноқонуний хизматлар таклиф қилувчи сайтларни судсиз блоклаш;
- Ҳужжатларни қалбакилаштириш ва сохта рўйхатга олиш учун жазони кучайтириш;
- Воситачиларга рус тилини билиш бўйича имтиҳонларни ўтказишни тақиқлаш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Меҳнат вазири Антон Котяков Меҳнат ва Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида мамлакатга меҳнат мигрантларини жалб қилиш бўйича амалдаги тизимни ислоҳ қилиш вариантлари ишлаб чиқилишини маълум қилган эди.
LiveБарчаси