Россияда мигрантларнинг мамлакатга эркин киришини тақиқлаш таклиф қилинмоқда
Олам
−
15 Октябрь
7857Россияда Меҳнат ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида мамлакатга меҳнат мигрантларини жалб қилиш бўйича амалдаги тизимни ислоҳ қилиш вариантлари ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Меҳнат вазири Антон Котяков “Ведомости” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазир нашрга берган интервьюсида Россия мигрантлар учун эркин киришни тақиқлаши ва янада “цивилизациялашган модель”ни қўллаши мумкинлигини таъкидлаган.
Котяковнинг фикрига кўра, амалдаги модель бизнес учун маълум хавф туғдиради, чунки иш берувчилар мигрантларни ўқитиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш харажатларини ўз зиммаларига олади. Бироқ улар ишчи ўз мажбуриятларини бажаришига ва бошқа ишга, масалан, қурилиш соҳасидан хизмат кўрсатиш соҳасига ўтиб кетмаслигига кафолат ололмайди.
Вазирга кўра, “цивилизациялашган модель” ташкил этилганда мигрантлар ёлланма тизим асосида ишлайди. Бу ҳолда ўқитиш, тиббий кўрик ва ҳужжатларни тайёрлаш мигрантнинг мамлакатида амалга оширилади. Шу орқали иш берувчи кафолат олади ва чет элдан таклиф қилинган ходимлар учун жавобгарликни давом эттиради.
“Келажакдаги ишчи ва иш берувчи ўртасидаги молиявий муносабатларнинг аниқ, тушунарли қоидалари шаклланиши керак. Масалан, агар компания харажат қилса, ишчи ишдан бўшаган тақдирда бу суммани қайтариш мажбуриятига эга бўлиши зарур”, деди Котяков.
Вазирнинг таъкидлашича, ташкил этилган ёллаш тизимида асосий эътибор малакали кадрларга қаратилади. Шу билан бирга, мамлакатга паст малакага эга ишчилар ҳам киришига рухсат берилади, чунки иш берувчиларда уларга ҳали ҳам талаб мавжуд.
Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ва “hh.ru” томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Россияда мигрантларни ёллайдиган компанияларнинг 50 фоиздан ортиғи хорижий ишчи кучи етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Иш берувчилар учун асосий муаммо – бозор талабларига мос келадиган мутахассисларнинг йўқлиги. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг қарийб 20 фоизи меҳнат миграцияси чекловлари билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қамоқхоналаридаги колония ходимлари жазо муддатини ўтаётган марказий осиёликларни, яъни тожикистонликлар ва ўзбекистонликларни Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома имзолашга мажбурлаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь