Россия компанияларига мигрант ишчи кучи етишмаяпти

Олам

image

Россия компанияларининг ярмидан кўпи (53%) хорижий ишчилар етишмаслигидан шикоят қилди, 46% эса мигрантларни ёллаш ҳажмидан "маълум даражада" қониқишини билдирди. Бу ҳақда “hh.ru” томонидан ўтказилган сўров натижаларига таяниб, "Коммерсанть" нашри хабар берди.

Сўров натижаларига кўра, энг кўп талаб қилинадиган касблар қаторида оддий ишчилар (53%), қурувчилар (35%), хизмат кўрсатувчи ходимлар (25%) ва ишлаб чиқариш ходимлари (23%) ҳисобланади. Россия компанияларида кўпинча МДҲ ва ЕОИИ (48%) мамлакатларидан келган ходимлар ишлайди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва бошқа Осиё мамлакатларидан (Хитой, Шимолий Корея, Ветьнам, Таиланд, Камбоджа ва бошқалар) ишчи кучи мавжуд. Африкадан (Марказий Африка Республикаси, Нигерия, Зимбабве ва бошқалар) ва Яқин Шарқдан (БАА, Иордания, Исроил ва бошқалар) келган ишчи кучи улуши 10 фоизни ташкил этади.

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСПП) томонидан ўтказилган шунга ўхшаш сўровда компанияларнинг учдан икки қисмидан кўпи меҳнат мигрантларини жалб қилишдаги қийинчиликлар ҳақида хабар берган. Уларнинг 56 фоизи асосий муаммо сифатида меҳнат бозорида зарур мутахассисларнинг йўқлигини маълум қилган, 38 фоизи эса вакансиялар бўйича номзодлар рус тили имтиҳонидан ўтолмаётганини билдирган.

Ҳар бешинчи компания (19%) минтақалар томонидан киритилган ёллаш чекловлари ёки минтақавий даражада мигрантларни ишга қабул қилишга қўйилган тўғридан тўғри тақиқлар ҳақида шикоят қилган. Шунингдек, 12 фоиздан кўпроқ компания давлат томонидан мигрантлар учун ажратилган квоталар етишмаслигини билдирган, 6,3 фоизи эса юқори малакали хорижий ишчиларнинг мамлакатга кириш учун рухсат олишда қийналаётганини таъкидлаган.

РСПП сўровига кўра, 82,8 фоиз компанияларда кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Кўпинча (42% ҳолларда) ташкилотлар вакансияларнинг 5-15 фоизини тўлдира олмаётганини билдирган. 11 фоиз компания эса ишчи кучи етишмовчилигини 15-30 фоиз атрофида баҳолаган. Шу билан бирга, 40 фоиздан ортиқ ташкилотлар малакали ходимлар етишмаслигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Россияга меҳнат мигрантлари оқими COVID-19 пандемияси даврида камайган ва 2022 йилда Украинада бошланган уруш туфайли тикланмаган. 2023 йилда Россия меҳнат бозоридаги хорижий меҳнат мигрантларининг сони тахминан 3,5 миллионни ташкил этган. Бу пандемиягача бўлган 2019 йил кўрсаткичидан деярли 1 миллионга кам.

"Крокус Сити Холл"даги терактдан сўнг ноқонуний миграцияга қарши курашнинг кучайиши ва мигрантларни урушга юбориш Россияда хорижий ишчи кучи етишмовчилигини янада оширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия ҳукуматини миграция сиёсатини кучайтиргани учун танқид қилиб, айрим қабул қилинган чоралар унинг ҳафсаласини пир қилаётганини, чунки улар Россияни қўшни биродар ҳудудлар билан тўқнаш келишига олиб келишини таъкидлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант ишчи кучи РСПП

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг