Россияда мигрантлар учун янги қонун қабул қилиниши мумкин
Олам
−
20 Февраль 9648 2 дақиқа
Россия Давлат думасида мигрантларга ижтимоий нафақаларни фақат 20 йил Россияда яшагандан кейин бериш таклиф қилинди. Бу ҳақда “Справедливая Россия” фракцияси раҳбари Сергей Миронов “Газета.Ru” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, яқинда Давлат думаси муҳим тузатишни қабул қилган: болали оилалар ягона нафақа олиши учун камида беш йил Россияда яшаган ва Россия фуқаролигига эга бўлган бўлиши керак. Миронов буни янада қатъий қарорлар сари ташланган биринчи тўғри қадам деб атаган.
Унинг таъкидлашича, улар илгари ҳукуматга қонун лойиҳасини киритган бўлиб, унга кўра давлат қўллаб-қувватлаш чоралари – нафақалар, имтиёзлар, оналик капитали, уй-жой субсидиялари – фақат Россия фуқаролигини камида 20 йил олган шахсларга тайинланиши керак. Гап сўнгги йилларда оммавий равишда Россия паспортлари берилган собиқ мигрантлар ҳақида кетмоқда. Мироновнинг фикрича, уларга ижтимоий ёрдам ҳам тезкор равишда берилаётгани маҳаллий аҳоли манфаатларига зид ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Масалан, уй-жой сертификатлари бериш билан боғлиқ бир неча можаролар кузатилган.
Шу сабабли, унинг фикрича, фуқаролик бўйича ценз жорий этиш зарур ва бу нафақат ижтимоий тўловларга, балки бошқа соҳаларга ҳам тааллуқли бўлиши керак. Бу давлат маблағларини аввало ўз фуқароларини қўллаб-қувватлашга йўналтириш имконини беради.
Миронов ташаббус айрим тоифалар учун истисноларни назарда тутишини ҳам айтган. Улар қаторига янги ҳудудлар аҳолиси, Беларусь ва Украина фуқаролари, ватандошларни кўчириш дастурлари иштирокчилари ҳамда махсус ҳарбий операция қатнашчилари киради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 мартдан бошлаб Россияда мигрантларни ишдан бўшатиш учун асослар рўйхатини кенгайтириш режалаштирилаётганди.
Live
Барчаси