Россияда қўним топган Акаев Қирғизистондаги давлат тўнтаришида АҚШни айблади
Олам
−
11 Ноябрь
13890Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Асқар Акаев 2005 йил Қирғизистонда юз берган “Лола инқилоби”ни АҚШ уюштирганини даъво қилиб, давлат тўнтаришининг жуда арзонга тушганини айтди. Бу ҳақда у “Российская газета”га берган интервьюсида сўз очди.
Акаевга кўра, “рангли инқилоблар” АҚШ томонидан турли мамлакатлардаги уларга ёқмаган раҳбарларни алмаштириш учун қўлланади. Унинг айтишича, АҚШ Акаевни икки сабабга кўра ёқтирмай қолган: биринчидан, у 2003 йилда АҚШ хоҳишига қарши Қирғизистонда Россия авиабазасини ташкил этиш ташаббуси билан чиққани; иккинчидан эса, 2004 йилда “Манас” халқаро аэропортида АҚШнинг кузатув самолёти “Авакс”ни жойлаштиришни рад этган.
“Кейинчалик АҚШ аввал Грузия (2003 йил) ва Украина (2004 йил)да муваффақиятли қўлланган кенг тарқалган сценарий асосида ҳаракат қила бошлади. Менинг ва оила аъзоларимнинг обрўсини тўкадиган кенг қамровли ахборот кампанияси бошланди. АҚШнинг ёрдамида радикал мухолифатга республика қонуний ҳукуматига қарши кураш учун сахий молиявий ёрдам кўрсатилди. АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Стивен Янг “Лола инқилоби” деб номлаган ҳаракатларга очиқдан-очиқ раҳбарлик қилди”, дейди Акаев.
У, шунингдек, ўша вақтда учинчи давлатлар орқали Янгнинг Давлат департаментидан президент оиласини обрўсизлантириш ва иғво қўзғатиш учун 30 миллион доллар сўраган хабари ОАВда тарқалганини маълум қилди.
“Маълумки, 2005 йил 24 март куни фитначилар гуруҳи Бакиев, Отунбаева ва Атамбаев (барчаси Қирғизистон президенти бўлган) бошчилигида давлат тўнтаришини амалга оширди. Тўнтариш гиёҳвандлик мафияси ва АҚШнинг молиявий ва ахборот кўмагига таяниб амалга оширилган. Кейинги йилларда давлат тўнтаришидаги жиноий иштирок кўплаб муаммоларга сабаб бўлди: бир қатор буюртма қотилликлар, жиноий дунё вакилларининг сиёсий ҳаётга кириб бориши ва жиноий олам билан давлат ҳокимияти ўртасидаги алоқалар кучайди. Буларнинг барчаси мамлакат сиёсий аҳволини йиллар давомида кескин ёмонлаштирди”, дейди Акаев.
Унга кўра, АҚШ учун "Лола инқилоби" 10 миллион доллардан 50 миллион долларгача тушган бўлса, Қирғизистон халқига эса у жуда қимматга тушган.
“Мамлакатда қарийб 15 йил давомида беқарорлик ва бетартиблик ҳамда иқтисодий турғунлик юз берди”, дейди у.
Акаевнинг сўзларига кўра, маблағлар мухолифатга берилган. Улар эса ҳақиқий халқ қўзғолони ташкил эта олмаслигини англаб етгач, ҳеч ўйламасдан гиёҳвандлик мафияси ва жиноий тузилмалар ёрдамидан фойдаланиб, оддий давлат тўнтаришини амалга оширган.
Маълумот учун, Қирғизистоннинг биринчи президенти, физик олим, академик Асқар Акаев мамлакат мустақилликка эришган пайтдан бошлаб 2005 йилгача унга раҳбарлик қилган. 2005 йил 24 мартдаги “Лола инқилоби” оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган. Шундан буён у Россияда яшайди.
Акаев раҳбарлиги мамлакатда коррупция, ҳокимиятни тортиб олиш, шунингдек, Жалолобод вилояти Ақси тумани Боспиек қишлоғида ўтказилган тинч митингда фуқароларга қарши қурол қўллагани билан ёдда қолган.
Эслатиб ўтамиз, сентабрь ойи бошида Асқар Акаев қонун чиқарувчи органга расмий хат йўллаб, собиқ президент мақомини қайтаришни сўраган эди. Бироқ Қирғизистон парламенти Акаевнинг собиқ президент мақомини тиклашдан бош тортди.
LiveБарчаси