Россияда қулликда сақланган ўзбекистонлик аёллар иши Европа судида кўрилади
Олам
−
15 Ноябрь 2021
19067Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Москванинг Гольяново туманидаги озиқ-овқат дўкони эгалари қулликда сақлаётган Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларининг шикоятларини кўриб чиқади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди сайтида айтилган.
Таъкидланишича, суд беш жабрланувчининг иккита шикоятини бирлаштирган. Биринчиси 2016 йилда Ўзбекистон фуқаролари Гулжанар Назанова ва Бакия Қосимовалар ҳамда қозоғистонлик Фотима ва Алия Мусабаевалар номидан, иккинчи ариза 2018 йилда Қозоғистон фуқароси Несибели Ибрагимова томонидан юборилган.
Аёллар манфаатларини судда “Фуқаролик ёрдами” қўмитаси билан ҳамкорлик қилувчи “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази адвокатлари ҳимоя қилади. Қўмитага кўра, суд Россияга иш бўйича саволлар юборади.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияга Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг мумкин бўлган бузилиши ҳақида саволлар юборади. Судланувчи суд муҳокамасидан қочиш учун аризачилар билан келишув битими тузиши мумкин. Қандай бўлмасин, ишни кўриб чиқишнинг фаол босқичи бошланади”, деб тушунтирган адвокат Иван Новиков.
Муҳожирлар қулликда сақланаётган озиқ-овқат дўконлари Гольяноводаги Уральская, Парковая ва Новосибирская кўчаларида жойлашган. Дўкон эгалари ер-хотин ва уларнинг қариндошлари.
Хабарга кўра, тадбиркорлар аёллардан ҳужжатларни олиб, уларни Россияда меҳнат муҳожири сифатида рўйхатдан ўтказишдан бош тортган. Шу билан бирга, қурбонларнинг иш ҳақи ҳеч қачон тўланмаган, уларга дўконлар биноларини тарк этиш тақиқланган, шунингдек, улар ертўлаларда ухлашга мажбур қилинган.
“Йиллар давомида дўкон эгалари ва ходимлари Ўзбекистон ва Қозоғистон аёлларини ҳақ тўланмайдиган меҳнатга мажбурлаб, зўрлаган, калтаклаган ва хўрлаган, агар ишлашдан бош тортишса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилган”, дейилган хабарда.
Қўмита полиция ходимлари ва терговчилар жабрланувчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатишдан бош тортганини қайд этган.
LiveБарчаси