Россияда иш берувчи ўзбекистонликларни калтаклаб, мажбуран ишлатгани аниқланди
Олам
−
16 Июль 2022
13330Россия Федерациясининг Волгоград вилоятида иш берувчи Ўзбекистон фуқароларининг шахсий ҳужжатларини олиб қўйиб, мажбурлаб ишлатгани аниқланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, иш берувчи ўзбекистонликларнинг барча ҳужжатларини олиб қўйиб, уларга куч ишлатган ва ишлашга мажбурлаган. Устига устак уларга ойлик маош ҳам тўламаган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Волгоград шаҳридаги вакили ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти билан корхонага рейд уюштирган. Рейд давомида вилоятнинг барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари иштирок этган.
Натижада иш берувчи ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилган. Ўзбекистон фуқароларининг паспорт ва ойлик маошлари олиб берилган.