Россияда Human Rights Watch фаолияти “номақбул” деб топилди

Олам

image

Россия Адлия вазирлиги Бош прокуратура талаби билан АҚШнинг Human Rights Watch ташкилотини Россияда фаолияти “номақбул” деб топилган хорижий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар рўйхатига киритди. Бу ҳақдаги маълумот вазирлик сайтида эълон қилинди.

Human Rights Watch (HRW) – дунёдаги энг йирик халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларидан бири. У 1978 йилда АҚШда ташкил этилган ва дастлаб социалистик блок мамлакатларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланган. Вақт ўтиши билан ташкилот фаолияти кенгайиб, глобал тус олган ва ўнлаб давлатларда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини ўрганишни бошлаган.

Human Rights Watchнинг асосий вазифаси – камситиш, зўравонлик, ҳарбий жиноятлар, сиёсий репрессиялар ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиш фактларини аниқлаш. Бунинг учун ташкилот ходимлари текширувлар ўтказади, гувоҳларни сўроқ қилади, ҳужжатларни ўрганади, можароли ҳудудлар ва қамоқхоналарга ташриф буюради. Йиғилган маълумотлар асосида HRW тематик ҳисоботлар ва докладлар эълон қилади, улар инсон ҳуқуқларини бузаётган ҳукуматлар, армиялар ва корпорациялар устидан босим ўтказиш воситасига айланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Бош прокуратураси АҚШнинг Yale университети фаолиятини мамлакат ҳудудида номақбул деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилганди. Қарорда университет фаолияти Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузиш, давлатнинг халқаро блокадаси ва унинг иқтисодий асосларига путур етказиш, шунингдек, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилгани қайда этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Human Rights Watch Инсон ҳуқуқлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг