Ўзбекистон талаб қилди, Россия бажарди
Таҳлил
−
16 Сентябрь 9163 4 дақиқа
Ўзбекистонлик мигрантлар Россияда яна тазйиққа учради ва калтакланди. Аммо бу сафар улар давлат органи ходимларидан эмас, балки маҳаллий ўсмирлардан жабр кўрди. Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Россиянинг Владивосток шаҳри, Хабаровская кўчасида бир гуруҳ маст болалар тўдаси ўзбекистонлик мигрантларга ҳужум қилган. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда 13 сентябрда кенг тарқалади.
Тазйиққа учраганлар ўзбекистонлик мигрантлар экани ҳақида дастлаб “Владивосток1” маҳаллий нашри хабар берганди. Унга кўра, аввалига ёшлар ичида мигрантлар бўлган машиналарга тош отган, кейин ҳайдовчилар суҳбатлашиш учун тушганида гуруҳ бўлиб ҳужум қилишган. Тармоқларда тарқалган тасвирларда ҳам ўзбекистонлик муҳожирнинг вазиятга шундай босиқлик билан ёндашганини кўриш мумкин. Аммо бир гуруҳ ўсмирлар ҳеч бир сабабсиз унга зарар етказишда давом этган. Уларнинг безорилиги оқибатида ўша тунда бир неча киши жабрланган.
Безори ўсмирлар муҳожирга ҳамла қилган ҳолат акс этган видеони ҳам ўзлари тасвирга олган. Унда ҳолат қандай рўй берганини аниқ кўриш мумкин. Масалан, видеода ҳолатни тасвирга олган безорининг баланд кулгиси ва тажовузкорларни қўллаб-қувватлашини эшитиш мумкин. У шерикларининг номи тилга олиб, уларни муҳожирни калтаклашда давом этишга чақирган. Кадрларда ўзбекистонлик ҳайдовчига болалардан бири пичоқ билан ташлангани, у эса бу вазиятда самокат билан ҳимояланганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, безори болалар муҳожирлардан бири дўконга яширинмоқчи бўлганда унинг ортидан кириб, юзига уриб, шикаст етказган. Улар мазкур ҳолатни дўкон ичидаги камера ёзиб олаётганидан ҳам чўчимаган.
Ушбу воқеа ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган “Владивосток1” нашри даставвал полиция ушбу ҳодиса юзасидан текширув бошлагани, аммо жабрланганлар ҳам, гувоҳлар ҳам ҳеч қандай ариза ёзмаганини маълум қилганди. Шунингдек, тажовузкор ҳаракатларда иштирок этганларнинг барчаси вояга етмаган бўлиши мумкинлиги айтилди.
Аммо қувонарлиси шундаки, Ўзбекистоннинг расмий ваколатхонаси бу ҳолатга тезкор реакция кўрсатди ва Россиядан айбдорларни жазолашни талаб қилди. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консули Юсуф Қобилжоновнинг маълум қилишича, ҳолат аниқланган заҳоти Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ташаббуси билан жабрланган фуқаролар билан дарҳол алоқа ўрнатилиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари томонидан Владивосток шаҳар Ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилган ҳамда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги ваколатхонасига ва Приморск ўлкаси прокуратурасига мазкур масала юзасидан барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилган. Мазкур воқеалар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Шундан сўнг, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда камдан-кам рўй берадиган ҳолат кузатилди. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги ваколатхонасининг бу талаблари Россия томонидан зудлик билан бажарилди. Орадан кўп ўтмай, Россия Федерациясининг Приморск ўлкаси бўйича тергов қўмитаси безориликда гумон қилинган ўсмирларга нисбатан жиноий иш қўзғатди. 2025 йил 10 сентябрга ўтар кечаси Владивостокнинг Хабаровская кўчаси ҳудудидаги мазкур безорилик учун 15 ёшли ўсмир ва унинг бошқа шерикларига нисбатан жиноият иши қўзғатилди.
Тергов маълумотларига кўра, ўша куни ўсмирлар маст ҳолатда бўлган ва жабрланувчига сабабсиз ташланиб, зарар етказган. Улар тўхтаб турган машинани шикастлаб, унинг салонига ҳатто аэрозоль сепган. Маълумот учун, аэрозоль инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган модда ҳисобланади. Бу ҳам етмаганидек, айбланувчилар юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилишган.
Бундан ташқари, гумонланувчилар Хабаровская кўчасидаги ўша 24 соат фаолият юритувчи дўконга бостириб кириб, харидорлар ва сотувчи кўз ўнгида эркакка ҳужум қилган. Шунингдек, вояга етмаганлар кўчада туриб, баланд овозда бақириб, тош ва бошқа қўлбола воситаларни қурол сифатида ишлатиб, жамоат тартибини қўпол равишда бузган ҳолда ўзбекистонлик муҳожирга ҳужум қилган. Ҳозирда айбланувчиларнинг шахси аниқланган, улардан бири қўлга олинган, икки нафари эса қидирувда. Гумонланувчилар салбий характерга эга ва аллақачон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушгани маълум бўлди. Улардан бири маҳаллий дўконлардан биридаги безорилик билан судланган. Айни пайтдаги жиноят иши эса судда кўриб чиқилмоқда. Ҳозирда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси терговчилари ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқламоқда. Ҳатто бу ишга Россия Ички ишлар вазирлиги ҳам аралашган. Вазирликнинг Приморск ўлкаси бўйича ходимлари жиноят иши бўйича тезкор ёрдамни амалга оширмоқда.
Хўш, Ўзбекистон Россияга ўз талабини бажартира олиши яхши янгилик. Аммо бундай ижобий ҳолатга ҳар доим ҳам дуч келмаймиз. Чунки аввалги бир қанча кейслар бунга мисолдир. Масалан, Ўзбекистоннинг бу галги нотаси Россияга таъсир қилиб, ундаги талаб бажарилгандир, бироқ бунгача "ОМОН" томонидан оммавий тарзда калтакланган ва хўрланган меҳнат муҳожирлари, Химкида “қул” дея ҳақорат қилинган бошқа бир ўзбек бўйича юборилган ноталар Россия Ташқи ишлар вазирлигида бир чеккада чанг босиб ётган кўринади. Ўша масалалар бўйича ишлар қандай кетяпти? Олдинга силжиш борми ёки кимдир жазоландими? Булар ҳали номаълум. Жамоатчилик эса уларни унутгани йўқ. Россия томонининг жавоби ҳали ҳам кутилмоқда.
Ўзбекистон 38 миллион аҳолига эга ўзига яраша катта мамлакат. Унинг жиддий ва асосли масала юзасидан юборган нотасини эътиборсиз қолдиришга агрессор давлатнинг ҳам, иқтисодий қудратли давлатнинг ҳам, бир сўз билан айтганда, ҳеч бир мамлакатнинг ҳаққи йўқ.
Live
Барчаси