Россияда 80 ёшли қариялар “военкомат”га ҳужум қилди (видео)
Олам
−
01 Август 2023
13767Россиянинг Москва вилояти Подолск шаҳрида икки нафар нафақахўр ҳарбий комиссарлик биносига ўт қўймоқчи бўлди. Бу ҳақда “Осторожно, Москва” Telegram-канали хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 31 июль куни Подолск шаҳри Ленин проспектида икки нафар 80 ёшдан ошган эркак ҳарбий рўйхатга олиш маркази олдида шубҳали ҳаракатларни содир этган. Улар аввалига бино олдида узоқ вақт туриб қолган, шундан сўнг қўлларидаги телефонларига тикилиб турган. Бироздан сўнг қариялардан бири бино томон қандайдир жисмни улоқтирган ва портлаш овози эшитилган.
Яқин атрофдаги полициячилар зудлик билан уларни қўлга олган. Тергов давомида маълум бўлишича, улар ҳарбий комиссарлик биносини ёқиш вазифасини интернет орқали олишган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан воқеанинг тўлиқ тафсилотларини аниқлаш учун текширув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, сўнгги бир сутканинг ичида Россияда ҳарбий комиссарликларга ўт қўйишга уринишларнинг 11 та ҳолати қайд этилган. Жумладан, Можайск, Россош, Қозон, Омск, Санкт-Петербург, Калуга, Копейск, Верхнауралск каби шаҳарларда бундай ҳаракатлар содир этилган. Уларнинг деярли барчасида телефон орқали ҳарбий комиссарликни ёқиш бўйича буюртма берилгани айтилган. Шунингдек, қонунбузарлик содир этганларнинг асосий қисми аёллардан иборатлиги маълум қилинган.
Статистикага кўра, Россия Украинага бостириб киргани ва қисман сафарбарлик эълон қилингани натижасида 2022 йил давомида 77 та ҳолатда ҳарбий комиссарликларни ёқиб юборишга ҳаракат қилинган. 2023 йилнинг 26 июлига қадар эса Россияда камида 113 та ҳарбий рўйхатга олиш бўлими, маъмурий бино ва хавфсизлик кучларининг идораларига ҳужум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қозон шаҳрида ҳарбий комиссарлик биносини ёқиб юбормоқчи бўлган ўқувчи қиз икки йилга қамалган эди. Шунингдек, Москвада номаълум эркак Ленин мақбарасини ёқиб юбормоқчи бўлганди.
LiveБарчаси