Россияда ҳокимият учун кимлар курашиши маълум бўлди
Олам
−
08 Февраль
11431Россияда 2024 йилнинг 15-17 март куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ғолиб бўлиш учун тўрт нафар номзоднинг исми сайлов бюллетенига киритилади. Бу ҳақда бугун, 8 февраль куни Россия Федерациясининг Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова маълум қилди.
“Биз номзодларни рўйхатга олиш масаласини кўриб чиқишни тугатдик. Бугунги йиғилиш натижаларига кўра, сайлов бюллетенида тўртта номзод бўлади", деган Памфилова.
Қайд этилишича, Владислав Даванков ("Янги одамлар"), Николай Харитонов (Россия Федерацияси Коммунистик партияси) ва Леонид Слуцкий (ЛДПР) президентликка номзодлар рўйхатига олинган. Путин сайловда ўзини ўзи кўрсатган номзод сифатида қатнашмоқда. Шу билан бирга, уни расман “Ягона Россия” партияси ҳам қўллаб-қувватлайди.
Маълумот учун, Россия МСК “Фуқаролар ташаббуси” партиясидан Борис Надеждин ва “Россия коммунистлари” партиясидан Алексей Маленковичнинг президентликка номзодини рўйхатдан ўтказмаган. Бунга уларни қўллаб-қувватлаш учун тўпланган имзоларнинг 10 фоиздан ортиғи сохталиги рўкач қилиб келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ амалдаги Россия раҳбари мамлакатда сайлов кампанияси рақобатбардош бўлиши кераклигини айтган эди. Шунингдек, Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳам сайлов ўтказишга қарор қилгани маълум бўлди.
LiveБарчаси