Россия Европага нисбатан гибрид ҳужумларини кучайтирмоқда – Рютте
Олам
−
05 Ноябрь
3168Россия Украинани қўллаб-қувватлаётган НАТО давлатларига гибрид ҳужумларни кучайтирмоқда. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Марк Рютте кеча, 4 ноябрь куни Берлинга сафари чоғида маълум қилди.
“Бизнинг иттифоқчиларимиз ҳудудида кучайиб бораётган гибрид ҳужумлар, демократик тизимларимизга бевосита аралашув, саноатга саботаж ва зўравонлик ҳаракатлари – буларнинг барчаси фронт чизиғининг ўзгараётганидан дарак бермоқда”, деди у.
Рюттега кўра, Украина уруши аллақачон унинг чегараларидан ташқарига чиқиб, Болтиқбўйи минтақаси, Ғарбий Европа ва ҳатто Узоқ Шимолга таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, НАТО Бош котиби АҚШ президентлик сайловларида ким ғалаба қозонишидан қатъи назар Оқ уйнинг янги раҳбари Биринчи жаҳон урушидаги хатони такрорламаслигини ва Европани тарк этмаслигини билдирди. Рютте, шунингдек, кун келиб Украина НАТО аъзоси бўлишига ишонч билдирган ва мамлакатнинг альянсга кириши йўлидаги “кўприк” аллақачон қурилаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марк Рютте НАТО Мудофаа вазирлари йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида НАТО Украинани қўллаб-қувватлаш ва ўз захираларини тўлдириш учун Россия чегараларида ўзининг ҳарбий иштирокини кўпайтириш, қурол ишлаб чиқариш ва сотиб олишни давом эттиришини маълум қилган эди.
LiveБарчаси