Россия яна Украинага ҳужум уюштирди. Қурбонлар бор (видео)
World
−
09 August 5389 1 minute
Россия қўшинлари бугун, 9 август куни эрталаб Украина ҳудудларига, жумладан, Харьков ва Одесса вилоятларига ракета ҳамда дронлар билан зарба берди. Ҳужумлар оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, 29 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, Харьковнинг Салтовский туманига берилган ракета зарбаси оқибатида кўп қаватли турар жой биноси зарар кўрган. 50 ва 66 ёшли икки эркак ҳалок бўлган. Камида 21 киши жароҳатланган. Уларнинг 11 нафари портлаш оқибатида жароҳат олган, икки кишида ис газидан заҳарланиш қайд этилган. Яна саккиз киши, жумладан, 5 ёшли бола кучли стресс ҳолатига тушган.
Одесса вилоятига эса ўнлаб ракета ва дронлар билан ҳужум қилинган. Ҳужум оқибатида инфратузилма объектлари ва турар жой бинолари зарар кўрган. Одессанинг икки туманида бир нечта уйлар шикастланган ва қисман вайрон бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Одессада саккиз киши жароҳатланган. Улардан етти нафарининг аҳволи ўртача оғир. Жабрланганларнинг аксарияти портлаш оқибатида сочилган металл парчаларининг тегиши оқибатида жароҳатланган.
Эслатиб ўтамиз, Украина кеча, 8 августга ўтар кечаси Россиянинг бир қатор ҳудудларига, Қрим ва Азов денгизига қарийб 400 та дрон билан ҳужум қилган эди.
Live
All