Жавоб зарбаси: Украина Россияга юзлаб дронлар билан ҳужум қилди (видео)

Олам

image

Украина бугун, 8 августга ўтар кечаси Россиянинг бир қатор ҳудудларига, Қрим ва Азов денгизига қарийб 400 та дрон билан ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Самара вилоятида саноат корхоналаридан бирига зарба берилгани ҳақида вилоят губернатори Вячеслав Федоришев маълум қилди. У корхонанинг айнан қайси бири эканига аниқлик киритмаган. Ҳозирда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Украинадаги мониторинг каналлари ва “Astra“ нашри гувоҳларнинг видеоларига таяниб, дронлар ҳужумидан сўнг Сизрань нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққанини хабар берган. Мазкур корхона Самара вилоятидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлиб, “Роснефть” таркибига киради. Завод уруш бошланганидан бери Украина дронлари томонидан бир неча бор нишонга олинган.

Краснодар ўлкасида эса дронлар “қолдиқлари” тушиши оқибатида Ильск нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин юз берган. Бу ҳақда минтақавий тезкор штаб маълум қилган. Ҳодиса оқибатида 5 киши жароҳатланган. Мазкур корхона ҳам аввал Украина ҳужумларининг нишонига айланган.

Липецк вилоятининг Задонск шаҳрида Украина дронларининг ҳужуми оқибатида икки киши жароҳатланган. Маҳаллий расмийларга кўра, хусусий уйлар, автомобиль ва электр узатиш линиясига зарар етган. Яна бир дрон Липецк шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйга қулаган. Дастлабки маълумотларга кўра, бу ҳодисада жабрланганлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 август куни Россиянинг Украина пойтахти Киев атрофидаги ҳудудларга берган зарбалари оқибатида 3 киши, жумладан бир бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг