Россия вилоятларидан бирида хориж мусиқасини тинглаш тақиқланиши мумкин
Олам
−
25 Июль 2023
4857Россиянинг Курск вилоятида жамоат жойларида “дўст бўлмаган” давлатларнинг мусиқа ва қўшиқларини тинглашни тақиқлаш таклиф қилинди. Бу ҳақда вилоят Омбудсмани Владимир Фирсов ўзининг “ВКонтакте”даги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Курск вилоятининг жамоатчилик фаоллари ҳамда уруш фахрийлари жамоат жойлари ва савдо марказларида “дўст бўлмаган” давлатлардан бўлган санъаткорларнинг мусиқа ва қўшиқларини қўйиш ҳамда тинглашни тақиқлашни таклиф қилган. Ушбу таклиф вилоят Омбудсмани Владимир Фирсов томонидан қўллаб-қувватланган. Бу бўйича тегишли мурожаат ҳокимликка юборилган.
“Бизга Курск аҳолисидан рус маданиятига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш ҳолатларидан ғазабланган, жамоат жойлари ва савдо марказларида нацизмга ҳомийлик қилувчи “дўст бўлмаган” мамлакатларнинг мусиқа ва қўшиқлари эшиттирилишини тўхтатиш талаб қилинган мурожаатлар келишда давом этмоқда. Курсклик уруш фахрийларидан янги жамоавий мурожаат (30 дан ортиқ имзо) олинди”, деб ёзади Фирсов.
Омбудсман “масаланинг ўта муҳимлигини, анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятлар, маданият ва тарихий хотирани муҳофаза қилиш зарурлиги”ни инобатга олиб, аҳоли фикрини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга мурожаат қилганини таъкидлаган.
“Афтидан, Курск вилоятининг саноат қўмиталари ва вазирликлари нафақат савдо марказларининг мусиқий асарлари репертуарини, балки шаҳар кинотеатрларида намойиш этиладиган бадиий фильмлар репертуарини қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳам ўйлашлари керак”, дея қўшимча қилади у.
Маълумот учун, Россияга “дўст бўлмаган” давлатлар рўйхати 2022 йилнинг 29 октябрида шакллантирилган бўлиб, унга 49 та давлат, жумладан, бутун Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Швейцария, Япония, Сингапур, Корея, Тайван (тан олинмаган) каби мамлакатлар киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда жинсни ўзгартириш тақиқланганди.
LiveБарчаси