Россия ва Мўғулистон имтиёзли нархларда ёнилғи бўйича келишув устида ишламоқда – Путин 

Олам

image

Россия Мўғулистоннинг ёнилғи ва ёнилғи-мойлаш материалларини имтиёзли нархларда етказиб бериш бўйича сўровларига жавоб бермоқда. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин мамлакатга ташрифи олдидан Мўғулистоннинг “Оноодор” газетасига берган ёзма интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат ҳукуматлари тегишли келишув устида ишламоқда.

“Мўғулистонлик дўстларнинг ёнилғи ва ёнилғи-мойлаш материалларига бўлган эҳтиёжни имтиёзли нархларда қондиришда ёрдам сўраб мурожаатларига доимо жавоб берамиз. Тегишли ҳукуматлараро келишув бўйича музокаралар олиб борилмоқда”, дейди Путин.

Россия Президентининг айтишича, томонлар иқтисодиёт ва саноатда бир қатор янги истиқболли лойиҳалар устида ишламоқда. Улар орасида Россиядан Хитойга трансмўғул газ қувурини қуриш, Улан-Батор темирйўлини модернизация қилиш, “Интер РАО-Экспорт” компанияси иштирокида Улан-Батор 3-ИЭСни реконструкция қилиш кабилар бор.

Путиннинг таъкидлашича, сўнгги йилларда “Мўғулистоннинг барча президентлари, қайси партияга мансублигидан қатъи назар,” ўз мамлакатлари орқали Россиядан Хитойга газ қувурини ўтказиш масаласини кўтарган. Россия Президентининг сўзларига кўра, агар дастлаб Мўғулистон фақат транзит роли билан чекланмоқчи бўлган бўлса, ҳозирда “арзон газ қувури газининг бир қисмини мамлакат тараққиёти ва инфратузилмаси учун ишлатиш” имконияти кўриб чиқилмоқда.

Владимир Путин эртага, 3 сентябрь куни расмий ташриф билан Мўғулистонга боради ва у ерда Совет ва Мўғул қўшинларининг Халхин-Гол дарёсида япон қўшинлари устидан қозонилган қўшма ғалабасининг 85 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади. Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, Россия Президенти, шунингдек, мўғулистонлик мавқедоши Ухнаагийн Хурэлсух билан “Россия-Мўғулистон муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик асосида ривожлантириш” масалаларини муҳокама қилмоқчи ва Мўғулистон парламенти раиси Дашзегвиин Амарбаясгалан билан учрашув ўтказмоқчи.

Бу Путиннинг 2023 йил март ойида суд Россия Президентини ҳибсга олиш учун ордер берганидан бери Халқаро жиноий суд(ХЖС)нинг Рим статутини имзолаган мамлакатга илк ташрифи бўлади. Мўғулистон 2000 йилда Рим статутини имзолаган ва 2002 йилда уни ратификация қилган. Расмий равишда ХЖСга аъзо давлатлар ордерни бажариши ва Путинни ҳибсга олиши шарт.

Шу билан бирга, Мўғулистон денгизга чиқиш имконига эга эмас ва фақат Россия ва Хитой билан чегарадош, бу Путинни ҳибсга олиш ва экстрадиция қилиш ҳақидаги фаразий ҳолатда Гаагага етказиш жараёнини мураккаблаштиради.

Маълумот учун, суд Путинни ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина ҳукумати Мўғулистонни Россия Президенти Владимир Путинни Халқаро жиноий суд буйруғи билан ҳибсга олишга чақирганди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль Путиннинг Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олган Мўғулистонга сафаридан хавотирда эмаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Мўғулистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг