Россия ва Хитой Ойда АЭС қурмоқчи
Бу қизиқ
−
23 Апрель 6421 2 дақиқа
Россия ва Хитой Халқаро Ой тадқиқот станцияси (IRLS) қурилиши доирасида Ой юзасида атом электр станцияси (АЭС) ўрнатишни режалаштиришмоқда. Бу ҳақда “Чанъэ-8” космик миссияси бош муҳандиси Пэя Чжаоюя Шанхайда ўтказилган тақдимотда маълум қилди.
Хитой режасига кўра, Ойнинг жанубий қутбида яшашга мўлжалланган база қурилиши учун асос автоматик “Чанъэ-8” станцияси томонидан қўйилади. Унинг учирилиши 2028 йилга мўлжалланган. Дастлабки босқичда Ойга қўнувчи модуллар, луноход ва Ой ресурслари ҳамда рельефини ўрганиш учун мўлжалланган робот юборилади. Бу воситалар станция ва қурилиш учун зарур материаллар етказиб берадиган космик кемаларнинг қўниш жойини аниқлаш учун хизмат қилади.
Иккинчи босқичда Ой станциясини бошқариш марказини ташкил этиш, катта ҳажмдаги юкларни Ойга етказиш, энергия таъминоти, алоқа ва транспорт хизматларини кўрсатиш учун орбитал модуллар яратиш режалаштирилган. “Роскосмос”нинг халқаро ҳамкорлик бўйича бош директор ўринбосари Сергей Савельевнинг айтишича, масофадан бошқариладиган бу станцияни тўлиқ қуриб битказиш 2036 йилга мўлжалланган. Унга кўра, Ой базаси “Ой юзасини ўрганиш ва ундан фойдаланишга қаратилган кўп соҳалик ва кўп мақсадли илмий-тадқиқот ишларини” олиб бориш учун мўлжалланган.
Маълумот учун, Россия ва Хитой Ой станцияси яратиш бўйича ҳамкорлик меморандумини 2021 йил март ойида имзолаган. 2024 йил июнь ойида Россия Президенти Владимир Путин ушбу келишувни ратификация қилди. Бунгача “Роскосмос”нинг собиқ раҳбари Юрий Борисов Россия мутахассислари Ой базаси учун ядровий энергия тизимини ишлаб чиқишни бошлаб юборганини маълум қилган. Унга кўра, Москва ва Пекин бу тизимни 2033-2035 йиллар оралиғида Ойга етказиб бориб, ўрнатишни режалаштирмоқда. Борисовнинг айтишича, Россия томони бундай тизимни яратиш учун зарур бўлган технологик масалаларнинг деярли барчасини ҳал қилган.
2024 йилда Хитой-Россия лойиҳасига 12 давлат қўшилди, улар орасида Беларусь, БАА, Покистон, Туркия, Жанубий Африка ва бошқалар бор. Келажакда Хитой лойиҳага 50 давлатдан 500 та халқаро илмий-тадқиқот институтлари ва қарийб 5 минг хорижий тадқиқотчини жалб қилишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойга тегишли “Чанъэ-6” зондининг қўниш ва учиш модули тупроқ йиғиш миссияси доирасида Ойнинг нариги томонида тўпланган тупроқ намуналарини Ерга олиб қайтганди. “Чанъэ-6” туширилган тупроқли капсула Хитой шимолига, Ички Мўғулистон автоном вилоятига қўнган. Шу билан Хитой Ойнинг узоқ томонидан намуналар тўплаган ва Ерга олиб келган биринчи давлатга айланди.
Live
Барчаси