Россия ва Қозоғистон алоқалари иттифоқчилик даражасига кўтарилди

Олам

image

Россия ва Қозоғистон Президентлари Владимир Путин ҳамда Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни тўлиқ стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги декларацияни имзолади. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Имзолаш маросими Кремль саройида икки етакчининг музокараларидан сўнг бўлиб ўтган.

Тўқаев бу ҳужжатни Москвага сафарининг асосий мақсадларидан бири деб атаган. Унинг сўзларига кўра, декларация икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаб беради, ўзаро ишончнинг беқиёс даражасини тасдиқлайди ва ҳар соҳада янада яқин ҳамкорлик қилишга тайёрликни кўрсатади.

Кремль сайтида эълон қилинган ҳужжат тўрт йўналишда тузилган – сиёсат, хавфсизлик ва иқтисодиёт, илғор технологиялар ҳамда гуманитар соҳа. Унда томонлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилган ҳолда адолатли ва кўп қутбли дунё тартибини шакллантиришга содиқлигини билдирган.

Россия ва Қозоғистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини минтақавий барқарорликни сақлашдаги асосий механизм деб билишларини таъкидлаган ҳамда ташкилот салоҳиятини кучайтиришга интилишларини қайд этган. 

Шунингдек, томонлар биологик ва ахборот хавфсизлиги йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга ҳамда космосда қурол жойлаштирилишининг олдини олиш бўйича биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олган.

Иккала мамлакат сиёсий таъсирлардан ҳоли барқарор халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш муҳимлигини эътироф этган. Бу йўналишда ягона Евроосиё транспорт-логистика тизимини яратиш ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд этилган.

Декларацияда, шунингдек, томонлар Евроосиё иқтисодий иттифоқининг халқаро нуфузини ошириш ва миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш учун биргаликда ишлашга келишгани айтилади.

Россия ва Қозоғистон энергетика соҳасидаги ҳамкорликни – нефть, газ, кўмир ва электр энергияси бўйича янада мустаҳкамлашга, шунингдек, энергия ўтиш жараёнлари учун зарур хомашёларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришда қўшма занжирларни шакллантиришга қарор қилган.

Томонлар, шунингдек, давлатларнинг суверен иммунитетлари ва мулки, жумладан захиралари бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий риоя этилиши лозимлигини тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, Қосим-Жомарт Тўқаев 11 ноябрь куни Москвага ташриф буюрганди. Биринчи куни у Путин билан икки соатга яқин норасмий мулоқот ўтказди. 12 ноябрь куни бўлиб ўтган расмий учрашувда эса сиёсий, иқтисодий, инвестицион ва гуманитар масалаларга оид кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди. Владимир Путин суҳбатни “мазмунли ва самарали” деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Россия Қозоғистон Владимир Путин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг