Россия Ўзбекистонни 15 йиллик газ қопқонига туширмоқчими?
Таҳлил
−
02 Ноябрь 2023
14110Россиянинг “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллер 1 ноябрь куни Санкт-Петербург халқаро газ форумида жиддий сигнал берди. Унинг айтишича, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик 15 йилни ташкил этади, узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин.
“Биз ҳамкорлигимиз учун узоқ муддатли шартнома асосини яратмоқдамиз, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик уфқини – 15 йилни белгилаб олдик. Форумда бўлиб ўтган ва бўлиб ўтадиган учрашув ва музокаралар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан 2024 йилнинг ўрталарига қадар келгуси 15 йилга ҳамкорлик қилиш учун қонуний кучга эга бўлган шартномавий асос яратиш мақсадида жорий даврда меморандумлар имзолашга қаратилган”, дейди Миллер.
Миллернинг сўзларига кўра, бу мамлакатлар иқтисодиёти юқори суръатларда ривожланмоқда, томонлар Россия газини етказиб беришни янада кенгайтириш, Марказий Осиё – Марказ газ қувурлари тизими орқали Қозоғистонда газ ташиш қувватларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Бу нафақат транзит қувватларига, балки ушбу мамлакатлардаги истеъмолчиларга Россия газини етказиб беришга ҳам тегишли.
Шунингдек, Миллерга ишонилса, ҳозирда Россиянинг “Газпром” компанияси ва Қозоғистон Остона шаҳрини газлаштириш учун етказиб бериш йўналиши устида ишламоқда, компания Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш учун янги йўналишлар ва Бухоро-Урал газ қувурини ҳам кўриб чиқмоқда.
“Биз биламизки, узоқ чегарани ҳисобга олган ҳолда – Қозоғистоннинг кўплаб ҳудудлари бевосита Россия Федерациясининг ҳудудлари билан чегарадош – ва табиийки, Қозоғистоннинг шимолий, шимоли-шарқий вилоятларини Россия ҳудудидан газ билан таъминлаш ва газлаштириш имкониятларини кўриб чиқиш ва бунинг учун янги газ транспорти йўналишларини, хусусан, Остона шаҳрини газлаштиришни назарда тутувчи йўналишни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Айтишим мумкинки, биз ҳозирда шундай йўналиш устида биргаликда ишлаяпмиз, техник-иқтисодий асослаш аллақачон амалга оширилган”, деган “Газпром” раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтириш учун компания янги йўналишлар ва мавжуд Бухоро-Урал газ қувурини ҳам ўрганмоқда:
“Марказий Осиё – Марказ” газ қувурини реконструкция қилиш доирасида келгуси йилларда нималар қилишимизни таҳлил қилишдан ташқари, биз мавжуд Бухоро – Урал газ транспорт коридорини, шунингдек, пайдо бўлиши мумкин бўлган янги газ транспорти йўналишларини ҳам кўриб чиқмоқдамиз”.
Бундан ташқари, “Газпром” Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали учинчи давлатларга газ транзитини истисно қилмайди.
“Ҳа, бундай имконият ҳам мавжуд. Биз ушбу давлатлар тақдим эта оладиган транзит имкониятлари ҳақида ҳам гаплашдик. Биринчи навбатда, албатта, бу мамлакатларнинг, ҳамкорларимиз, дўстларимизнинг эҳтиёжлари. Аммо бундай имконият ҳам бор”, деган Миллер.
Ўзбекистон ҳам Россия газини янада кўпроқ сотиб олиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Бу ҳақда форумда сўзга чиққан Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов сўз очган. Унинг билдиришича, ҳозирда Россия газининг Ўзбекистонга транзити барқарор, томонлар республикага янги газ етказиб беришни муҳокама қилмоқда.
“Кундалик ҳажмлар, шартнома мажбуриятлари бажарилмоқда, ҳеч қандай муаммо йўқ”, дейди Мирзамаҳмудов.
Шу билан бирга, қайд этилишича, Ўзбекистон ва “Газпром” асосан куз-қиш мавсумининг энг юқори чўққисига мўлжалланган бўлажак етказиб бериш ҳажмларини муҳокама қилмоқда. Мирзамаҳмудов, иқтисодий ривожланишни ҳисобга олган ҳолда [янги етказиб бериш] кўриб чиқилиши ва ҳисоб-китоб қилинишини билдирган:
“Биз нефтни қайта ишлаш ўсишини ҳисобга олган ҳолда нефть устида ҳам ишлаяпмиз, лекин бу ерда истеъмолчи компаниялар даражасида кўпроқ иш олиб борилмоқда. Биз нефтни ҳам, нефть маҳсулотларини ҳам импорт қиламиз ва буни кенгайтиришга тайёрмиз”.
Сакнт-Петербургда ўтган форум доирасида Россиянинг “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди. Ҳужжатни Миллер ва Мирзамаҳмудов имзолаган. Ҳужжатга кўра, томонлар газ таъминоти ва ташиш соҳасида, шунингдек, углеводородларни геология-қидирув ва қазиб олиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида.
Томонлар октябрь ойида бошланган Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилган.
Шуни эслатиб ўтиш ўринлики, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришга старт берган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўлди.
LiveБарчаси