Россия Ўзбекистонга газ етказиб беришни оширди

Жамият

image

Россия жорий йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга газ етказиб беришни 15 фоизга оширди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонасига таяниб, ТАСС хабар берди.

“Йилнинг дастлабки саккиз ойида “Газпром” Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга Россия табиий газининг экспортини 15 фоизга оширди. “Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг билдиришича, уч давлат иқтисодиётининг умумий ҳажми яқин беш-олти йил ичида 60 фоизга ўсиши мумкин, бу эса энергия ва газ истеъмолининг ортишига олиб келади”, дейилади хабарда.

Россия газининг Марказий Осиё мамлакатларига экспортини оширишда Хитойга йўналтирилаётган “Сибир қудрати – 2” магистраль газ қувури лойиҳаси муҳим омил бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг январь-август ойларида Туркманистон ва Россиядан газ импортини 27,9 фоизга қисқартириб, 885,9 миллион долларга туширган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги импорт қилинаётган газ ҳажми ва нархи ҳақида маълумот бермаган.

Қайд этиш жоиз, 2023 йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Россия давлат раҳбари Владимир Путин ҳамда Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берганди. Ўшанда Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олиши айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи ва республика раҳбарияти билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида бир қанча янги инфратузилма лойиҳалари Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб беришни икки баробарга ошириши ҳақида маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Россия газ қувури

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг