Россия Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтиради
Жамият
−
23 Апрель
7341Бир қанча янги инфратузилма лойиҳалари Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб беришни икки баробарга оширади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 23 апрель куни Ўзбекистонга ташрифи ва республика раҳбарияти билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Газ соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда, қатор инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда, бу эса Россия Федерациясидан Ўзбекистонга газ етказиб беришни икки баробарга ошириш имконини беради”, деб таъкидлади у.
Лавров, шунингдек, Россия сармоялари Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг йирик сармоялардан бири эканини таъкидлади.
“Товар айирбошлаш бўйича биз Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари билан алоқалари бўйича умумий кўрсаткичларининг қарийб 18 фоизини эгаллаб турибмиз ва бу чегарадан узоқдир”, деди Россия ТИВ раҳбари.
Вазирнинг айтишича, айни пайтда республикада Россия капитали иштирокида умумий қиймати 3 триллион 200 миллиард рублдан ортиқ бўлган 115 га яқин инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон Президенти ва Ташқи ишлар вазири билан музокаралар чоғида бу жараёнлар қандай ривожланаётгани, ташқи вазиятдан қатъи назар, белгиланган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун иқтисодий, молия ва банк соҳаларида қандай қўшимча қадамлар зарурлигини атрофлича кўриб чиқдик”, дея қўшимча қилди Лавров.
Россия ТИВ раҳбари, шунингдек, бир йил аввал Москва ва Тошкент ўртасида Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича флагман қўшма лойиҳа бўйича келишув имзолангани, уни амалга ошириш “амалий давом этаётганини” эслатди.
Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов эса бугун, 23 апрель куни Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов раислигида бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Ўзбекистонга Қозоғистон орқали етказиладиган Россия газининг йиллик ҳажмини 2038 йилгача 11 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Унинг айтишича, 2024 йилда Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини 3 баробарга оширган, 2025 йилда эса 30 фоизга ошиши кутилмоқда.
Ерлан Аккенженов келтирган маълумотларга кўра:
- 2023 йилда Қозоғистон орқали Ўзбекистонга 1,28 миллиард м3 рус гази ташилган бўлса, 2024 йилда 5,6 миллиард м3 [3 баробарга ошган, аммо 2023 йилда етказиб бериш октябрь ойида бошланган, яъни базавий кўрсаткич бор-йўғи 3 ойни ўз ичига олади, 2024 йил учун режа 3,8 миллиард м3ни ташкил этди].
- 2025 йилда транзитни 7,3 миллиард м3га ошириш режалаштирилган. 2038 йилга бориб, бу кўрсаткич йилига 11 миллиард м3 гача кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 7 октябрь куни Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш бошланди.
2023 йил ноябрь ойида “Газпром” ва Қозоғистон ҳукумати ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
2024 йил июнь ойида “Газпром” ва “QazaqGaz” 2025-2040 йилларда Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистон ва Қирғизистон йўналишида ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича келишувларни имзолаган.
LiveБарчаси