Россия ўз мажбуриятини бажармаяпти – Пашинян
Олам
−
22 Декабрь 2022
4676Россиянинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар контингенти, Арманистон, Россия ва Озарбайжон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотига кўра, Лочин йўлагини назорат қилиш мажбуриятини олган, бироқ амалда улар буни бажармаяпти. Бу ҳақда бугун, 22 декабрь кунги ҳукумат йиғилишида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.
“Баёнотнинг олтинчи бандига кўра, “Лочин” йўлаги Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлиб, Озарбайжон Республикаси Лочин йўлаги бўйлаб фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларнинг ҳаракатланиши хавфсизлигини кафолатлайди”, дейди у. .
Арманистон Бош вазирининг сўзларига кўра, де-факто, уч томонлама баёнотда ўз зиммасига олган мажбурият – Лочин йўлагини назорат остида ушлаб туриш – Россия тинчликпарвар қўшинлари томонидан ҳам бажарилмаётгани маълум бўлди.
“Албатта, бу Озарбайжоннинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида рўй бермоқда, бироқ бу вазиятни ўзгартирмайди, чунки Россия тинчликпарвар кучлари ҳозирлигидан асосий мақсад бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш ва Лочин йўлагини назорат остида ушлаб туришдир”, дейди Пашинян.
Шунингдек, унинг қайд этишича, Ереван Бакуга тинчлик битими бўйича ўз таклифларини топширган ва уни тақдим этилган шаклда имзолашга тайёр.
"Арманистон Республикаси Озарбайжонга тинчлик шартномаси бўйича ўз таклифларини юборди ва биз шундай мазмундаги битимни имзолашга тайёрмиз. Озарбайжоннинг ҳам муносабати ижобий бўлишига умид қиламан", дейди у.
Пашинян Лочин коридоридаги вазиятга тўхталар экан, Озарбайжоннинг ҳаракатлари туфайли Тоғли Қорабоғда озиқ-овқат тақчиллиги юзага келганини таъкидлади.
“Озарбайжоннинг Лочин йўлагини ноқонуний блокадага олиши оқибатида Тоғли Қорабоғдаги гуманитар вазият ниҳоятда кескинлигича қолмоқда. Юзлаб оилалар блокаданинг турли томонларида алоҳида қолмоқда. Тоғли Қорабоғда бир қатор зарурий маҳсулотлар, жумладан, озиқ-овқат етишмайди", дейди у.
Бош вазир, шунингдек, Россия тинчликпарвар кучлари Лочин йўлаги бўйлаб вазифаларни бажармаётганини қўшимча қилди.