Россия уятсизларча озиқ-овқатни қурол қилиб ишлатяпти – Блинкен
Олам
−
18 Июль 2023
8509Россия ҳукумати озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишда давом этиши бутун дунёдаги миллионлаб заиф одамларга зарар етказмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен сўз очди. У бундай хатти-ҳаракатларни “уятсизлик” деб атади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган баёнотда айтилган.
Унга кўра, ғалла ташаббуси орқали бир йилда Украинадан 32 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинган, бу 18 миллиард “буханка” дегани.
“Қўшма Штатлар Россиянинг Қора денгиз дон ташаббусидаги иштирокини тўхтатиш қароридан чуқур афсусда”, дейди Энтони Блинкен.
Ҳужжатда, шунингдек, ушбу ташаббус доирасидаги ҳар бир жўнатиш дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидаги қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳисса қўшиши, чунки жаҳон бозорларига ғалла етказиб берилиши озиқ-овқат маҳсулотлари нархини янада қулайроқ қилишини таъкидлайди.
АҚШ Давлат котиби Давлат департаментида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, дон ташаббуси зарурати “Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг пайдо бўлганини, кейин эса портларни тўсиб, Украинанинг бутун дунё бўйлаб дон жўнатишига тўсиқ бўлишга қарор қилганини” эслатди.
Блинкен, шунингдек, ташаббус Украинадан ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб бериш имконини берганини ва бу катта фойда келтирганини таъкидлади.
АҚШ ташқи сиёсат раҳбари, шунингдек, Россия Украинага қарши урушда озиқ-овқатни қуролга айлантираётганини айтди.
“Умид қиламанки, барча давлатлар буни диққат билан кузатиб борадилар. Улар Россияни бутун дунё бўйлаб озиқ-овқатга муҳтож бўлган одамларни озиқ-овқат билан таъминлашдан бош тортиши ва кўплаб мамлакатлар жиддий инфляция босими давом этаётган бир пайтда нархларни кўтариши учун жавобгар эканлигини кўради”.
Унинг билдиришича, Украина ғалласини дунёга етказиб беришнинг муқобил йўллари аллақачон ишлаб чиқилмоқда.
“Россиянинг озиқ-овқатга қарши қурол қўллаши натижасида энди йўқотилаётган нарсанинг ўрнини тўлдириш жуда қийин”, дейди дипломат.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 июль куни Россия дон йўлаги бўйича келишувни тўхтатганини маълум қилди. Аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путин дон шартномасини узайтиришга рози бўлганини айтиб ўтганди.
Бундан олдин эса Путин дон битими доирасида Россия учун ҳеч нарса қилинмагани, бу бир томонлама ўйин эканини билдирганди.
Маълумот учун, дон келишуви 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. У ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат имзоланган – Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида. Ташаббус 2022 йил ноябрида 120 кунга, мартгача, кейин яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Якуний муддат – 17 июль куни тугаган.
LiveБарчаси