Россия Украинанинг гуманитар ёрдам марказини бомбалади. Қурбонлар бор
Олам
−
08:32 868 2 дақиқа
Россия армияси кеча, 2 ноябрь куни Украинанинг Запорожье вилоятидаги гуманитар ёрдам тарқатиш маркази ва унинг ёнидаги бошпанaга авиабомбалар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум Запорожье шаҳрининг жануби-шарқида жойлашган Комишуваха қишлоғида содир бўлган. Россия ҳарбийлари дастлаб маҳаллий мактабга зарба берган. Мактаб ўқувчилар учун ёпилган бўлиб, аҳоли ундан бошпана ва гуманитар ёрдам тарқатиш маркази сифатида фойдаланиб келган.
Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, биринчи зарбадан кейин одамлар воқеа жойига йиғила бошлаган ва Россия ҳарбийлари иккинчи бор ҳужум қилиб, бошпанани нишонга олган.
Ҳалок бўлганлар орасида қутқарув хизматининг икки нафар ходими ва тўрт нафар полициячи бор. Жароҳатланган беш кишидан икки нафари ҳам қутқарувчи ҳисобланади. Запорожье шаҳар кенгаши котиби Регина Харченконинг маълум қилишича, ҳужумдан кейин яна 27 киши бедарак йўқолган.
Қутқарувчилар вайроналар остида қолган одамларни қидираётган вақтда Россия дронлари ҳудудга яна ҳужум қилган. Бу эса қутқарув ишларига халақит берган.
Зеленский Россия ҳарбийлари қишлоқ аҳолиси ҳар ҳафта гуманитар ёрдам олиш учун шу жойга йиғилишини яхши билганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум Россия урушни юмшатиш эмас, одамларни ўлдиришда давом этаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қуйи Новгород вилоятидаги “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез“ нефтьни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учраганди.
Live
Барчаси