Россия Украинанинг 3 та вилоятини бомбалади
Олам
−
13:42 1628 2 дақиқа
Россия Қуролли кучлари кеча, 22 сентябрь тунидан бошлаб Украина ҳудудларига дронлар ва авиабомбалар билан зарбалар бермоқда. Ҳужумлар Киев, Запорожье шаҳри ҳамда Харьков вилоятининг айрим ҳудудларига қаратилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, Киев шаҳрининг бир нечта туманлари ҳужум остида қолган. Соломенский туманида транспорт корхонаси ҳудудида ёнғин чиққан. Голосеевский туманида эса омбор ёнган ва Россия дрони ёнилғи қуйиш шохобчасига урилган.
Дарница туманида ҳужум оқибатида яна бир ёнилғи қуйиш шохобчасининг томи ёниб кетган. Шунингдек, дрон транспорт инфратузилмаси объектига келиб тушган. Киевдаги ҳужумларда 3 киши жароҳатланган.
Запорожье шаҳрида Россия зарбаси оқибатида савдо марказларидан бири ёнган. Ёнғин акс этган фотосуратларга кўра, гап “Амстор” савдо маркази ҳақида кетмоқда. Ҳужум оқибатида 2 киши жароҳатланган.
Харьков вилоятида эса Россия қўшинлари Изюм шаҳрига авиабомбалар билан зарба берган. Ҳужум оқибатида кўп қаватли уйлар зарар кўрган ва зарба берилган ҳудудда ёнғин чиққан. 8 киши, жумладан бир бола жароҳатланган.
Харьков шаҳрида Россия дронлари кечқурун Киев туманидаги автомобилларга бир неча марта ҳужум қилган. Бунинг оқибатида 1 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳарбийлари Запорожье шаҳрига оммавий ҳужум уюштирганди. Ҳужум оқибатида 2 та тўққиз қаватли турар жой биноси зарар кўрган ва уларда ёнғин чиққан. Шунингдек, савдо марказларидан бири ҳамда олий таълим муассасасининг биноси ёниб кетган. 5 киши жабрланган, яна 5 киши қутқарилган ва 14 киши ёнаётган бинолардан эвакуация қилинган.
Live
Барчаси