Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ ёрдамга келадими?
Олам
−
20 Январь 2022
12727АҚШ Президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, расмий Киев олдида шартнома мажбуриятлари йўқлиги сабабли Америка қўшинларини юборишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда шарҳловчи Роберт Бернс “Associated Press” учун мақоласида айтиб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг Москва билан зиддиятга киришиши “катта саргузашт” бўлади.
“Ушбу уруш бутун Европага таъсир қилиши, минтақанинг беқарорлашишига олиб келиши ва ўзаро ядровий зарбалар алмашинувига айланиши мумкин”, деган журналист.
Маълумот ўрнида, Жо Байден Россияни Украина атрофида вазият кескинлашган тақдирда бунинг оқибатлари билан таҳдид қилиб, Москва “қаттиқ танлов” олдида турганини таъкидлаган.
Россия Ғарбнинг Украинага ҳужум қилиш ниятида экани ҳақидаги айбловларини бир неча бор рад этган. Кремлнинг фикрича, бундай баёнотлар Россия чегараси яқинида НАТО кучларининг мавжудлигини кенгайтириш учун фойдаланилмоқда. Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, мамлакат қўшинларини ўз ҳудуди ичида ва ўз хоҳишига кўра олиб ўтади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳеч кимга таҳдид солмайди ва ҳеч кимни ташвишга солмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Россия ва Украина иштирокида ҳарбий ҳаракатлар бошланган тақдирда Киев томонида Москва билан зиддиятга киришишдан манфаатдор эмаслиги айтилганди. Таъкидланишича, Анқара НАТО аъзоси ҳисобланиши ва Украина томони билан Bayraktar TB2 дронларини сотиш борасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтирганига қарамай бу урушга кирмайди.
Шунингдек, ўтган йилнинг декабрь ойида Америка Президенти Жо Байден ҳарбий тўқнашув бошланган тақдирда АҚШ ва НАТО Украинани ҳимоя қилиш учун ҳарбий куч ишлатишга мажбур эмаслигини таъкидлаганди.
LiveБарчаси