Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ қандай чора кўриши айтилди
Олам
−
02 Декабрь 2021
23272Агар Россия Украинага бостириб кирса, Вашингтон Москвага қарши кенг миқёсли иқтисодий санкциялар жорий этишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ригадаги НАТО мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши якунлари бўйича маълум қилган.
Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага қарши тажовузкор ҳаракатларни режалаштираётгани ҳақида далилларга эга эканлигини даъво қилмоқда.
“Президент Владимир Путин босқинчилик тўғрисида қарор қабул қилганми ёки йўқми, биз буни билмаймиз. Аммо биламизки, энди қарор қабул қилинса, бундай ҳаракатлар имкони борича тезроқ ишлаб чиқилади. Шунинг учун ният ва вақт ноаниқлигига қарамай, биз Россияни қарорини ўзгартиришга ҳаракат қилиш билан бирга ҳар қандай шароитга тайёр бўлишимиз керак”, деган Энтони Блинкен.
Ўз навбатида, Кремль босқин ҳақидаги эълонларни асоссиз келишмовчиликнинг кучайиши деб билади.
“НАТО шарққа қараб кенгаймайди, деган оғзаки кафолатлар ҳаммага маълум, бироқ ҳаммаси аксинча амалга оширилди. Аслида Россиянинг қонуний хавфсизлик хавотирлари эътиборга олинмади ва улар бундан кейин ҳам эътибордан четда қолмоқда”, деган Россия Президенти Владимир Путин.
Аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 3 декабрь куни ўтказиладиган Россия етакчиси Владимир Путин билан суҳбатда Украинадаги вазиятга тўхталиши ҳақида хабар бергандик.
Сўнгги пайтларда Ғарбда ва Украинада Россиянинг Украина ҳудудига “бостириб кириши” мумкинлиги ҳақидаги баёнотлар тобора кўпайиб бормоқда. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади ва Россия ҳеч кимга таҳдид солмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, у бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги муаммони куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.