Россия Украинага 200 дан ортиқ дрон билан ҳужум қилди (видео)
Олам
−
13:15 3903 2 дақиқа
Янги йил кечасида Россия ҳарбийлари Украинага қарши 205 та дрон ёрдамида кенг кўламли ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари хабар берди.
Қайд этилишича, Волин, Запорожье, Одесса, Ровно, Суми, Харьков ва Чернигов вилоятлари ҳужумга учраган. 176 та дрон уриб туширилган, 24 таси эса 15 та жойда нишонларга зарба берган.
Волин вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Рудницкий ҳудудда муҳим инфратузилма объектларига зарба берилиши оқибатида 103 мингдан ортиқ аҳоли электр таъминотисиз қолганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дронлар Луцк шаҳри ва Ковель туманидаги объектларга тушган, ёнғинлар келиб чиққан, бироқ жабрланганлар йўқ. Ковелда локомотив депоси биноларига зарар етган.
Одесса вилоятида ҳужумдан сўнг йирик ёнғинлар юзага келган, турар жой бинолари шикастланган. Украина Бош вазири ўринбосари Алексей Кулеба порт объектлари зарба остида қолганини билдирган.
“Измаил портида техникалар шикастланган. Одессада эса душман дронларининг бўлаклари ва портлаш тўлқини оқибатида порт ускуналари, транспорт воситалари ҳамда айрим инфратузилма объектларига зарар етди”, дейди у.
Жабрланганлар йўқ. Шунингдек, Россия армияси Суми вилоятидаги Конотоп шаҳрида жойлашган темирйўл станциясига зарба берган, юк вагонлари шикастланган.
Чернигов вилоятида Россия ҳарбийлари Новгород-Северский шаҳрига ҳужум қилган. Дрон тураржой ҳудудига тушиб, ёнғин чиққан. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
31 декабрь оқшомида Россиянинг Запорожье шаҳрига берган зарбаси оқибатида беш киши, жумладан бир нафар ўсмир жароҳат олган. Портлаш тўлқини кўп қаватли тураржой биноси ва енгил автомобилларга зарар етказган.
Харьков вилоятида Янги йил кечасида Россия ҳарбийлари турар жой секторига ҳужум қилган. Чугуйив туманида кўп қаватли ва хусусий уйларда ёнғинлар келиб чиққан. Купянск туманида эса 110 квадрат метр майдонда хусусий уй, хўжалик иншооти ва гараж ёниб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил декабрь ойида Украина 2022 йилда тўлиқ миқёсли уруш бошланганидан бери Россия энергетика инфратузилмасига энг кўп зарба бергани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси