Украина Россиянинг нефть-газ объектларига зарбалар бўйича рекорд ўрнатди
Олам
−
31 Декабрь 2025 10376 2 дақиқа
Жорий йил декабрь ойида Украина 2022 йилда тўлиқ миқёсли уруш бошланганидан бери Россия энергетика инфратузилмасига энг кўп зарба берди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, томонларнинг очиқ баёнотларига асосланган ҳисоб-китобларига кўра, бир ой ичида Россиянинг нефть-газ мажмуаси объектларига камида 24 та ҳужум амалга оширилган. Бу 1 ойлик энг юқори кўрсаткич бўлиб, ноябрь ойида қайд этилган аввалги рекорд (23 та ҳужум)дан ошиб кетган. Жорий ойда зарбалар 10 та нефтни қайта ишлаш заводи, 11 та денгиз инфратузилмаси объекти, иккита танкер ва йирик қувур тизимининг битта объектига қаратилган.
Нашрга кўра, бундай ҳужумлар халқаро санкциялар сабаб аллақачон қийинчиликларга дуч келаётган Россиянинг энергетик экспортига босимни янада кучайтирмоқда. Россия ҳануз ташқи бозорга сезиларли ҳажмда нефть етказиб бераётган бўлса-да, урушни молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланган нефть-газ даромадлари қисқариб бормоқда. Ҳукумат баҳосига кўра, жорий йилда бюджетдаги нефть-газ тушумлари улуши 23 фоизгача камайиши мумкин. Бу кузатувлар тарихидаги энг паст кўрсаткич бўлади.
Декабрь ойида Киев алоҳида эътиборни денгиз инфратузилмасига қаратган. Ой давомида Каспий денгизидаги “Лукойл”нинг нефть-газ конларига, шунингдек, зарбалар оқибатида бир нечта танкерлар ёниб кетган Таман ва Ростов портларига бир неча бор ҳужумлар уюштирилган. Украина Россиянинг “соя флоти”га қарши зарбаларни ҳам давом эттирган ва илк бор ҳаводан учириладиган Storm Shadow қанотли ракеталарини қўллаб, Новошахтинскдаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берган.
Зарбаларнинг фаоллашуви Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажмининг сезиларли даражада пасайиши фонида юз бермоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йилда дронлар ҳужумлари сабаб Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажми 12 йиллик минимум – 266 млн тоннагача тушган ва жорий йил якунларига кўра ҳам тахминан шу даражада қолиши кутилмоқда. Январь-октябрь ойларида нефтни қайта ишлаш заводларидаги ишлаб чиқариш 3 фоизга қисқариб, суткасига 5,2 млн баррелни ташкил этган.
“Reuters” маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида “Роснефть”нинг фойдаси уч бараварга, “Лукойл”ники эса икки бараварга камайган, “Сургутнефтегаз” эса зарар кўра бошлаган. Январь-ноябрь ойларида федерал бюджетнинг нефть-газ даромадлари 21 фоизга қисқарган, декабрь ойидаги тушумлар эса “Reuters” ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил августидан бери энг паст даражага тушиши мумкин.