Россия Украинадан узр сўрашни талаб қилди. Киев бош эгадими?
Олам
−
25 Декабрь 2021
13713Москва Украинанинг Лвов шаҳридаги Бош консуллик биносига “Молотов коктейли улоқтирилиши” билан боғлиқ ҳолатни “теракт” деб атамоқда. Ҳолат бўйича Россия Ташқи ишлар вазирлиги Киевга нота йўллаб, ундан узр сўрашни талаб қилмоқда.
“Бино ва ходимлар хавфсизлиги таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўриш ва айбдорларни топишни талаб қилиб Россия Бош консуллиги Украина Ташқи ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармасига нота ва Лвовдаги Миллий полиция бош бошқармаси бошлиғи номига мурожаатнома юборди. Нотанинг аналогик нусхаси Россиянинг Киевдаги элчихонасидан Украина Ташқи ишлар вазирлигига ҳам юборилди”, дейилади Россия ТИВ берган баёнотда.
Таъкидланишича, “Украина расмийлари томонидан содир этилган ушбу хавфли ҳодиса” Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенцияси, Халқаро ҳимоядаги шахсларга, шу жумладан, дипломатик агентларга қарши жиноятларнинг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция ҳамда Россия Федерацияси ва Украина ўртасида Консуллик конвенциясининг тўғридан-тўғри бузилиши ҳисобланади.
Россия ТИВ баёнотига кўра, Россиянинг Лвовдаги бош консуллигига нисбатан содир этилган террорчилик ҳаракати Украинада Россияга нисбатан нафрат ва адоват уйғотилишининг натижасидир.
“Бундай очиқ-ойдин ва номақбул ҳаракат Украинада русофобик истерияни қўзғатиш, Россия Федерациясига нисбатан нафрат ва адоват уйғотиш натижаси эканлиги аниқ”, дейилган баёнотда.
Украинанинг Москвадаги муваққат ишлар бўйича вакили Лвовдаги Россия Бош консуллигига нисбатан содир этилган терактдан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, унга воқеа муносабати билан кескин норозилик билдирилди, дея қўшимча қилинади вазирлик баёнотида.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмийлари халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини бажариш, айбдорларни аниқлаш ва жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда бундай ҳодисалар такрорланмаслиги учун кафолат беришига умид қилмоқда.
“Шунингдек, биз Киевнинг Россия консуллик биносининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармагани учун узр сўрашини кутиб қоламиз”, дейилади баёнот якунида. Бироқ Киев ҳолат бўйича узр сўрамаган тақдирда уни нималар кутаётганига аниқлик киритилмаган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь