Россия Украинада Европа давлатларининг мулозимлари бор поездни нишонга олди

Олам

image

Россиянинг учувчисиз учиш аппаратлари кеча, 13 сентябрь куни Украина – Польша чегараси яқинидаги поездга зарба берди. Ҳужум Буюк Британия ва Швециянинг собиқ бош вазирлари Борис Жонсон ва Карл Бильдт, шунингдек, Европа Иттифоқининг бир неча давлатларидан келган хавфсизлик бўйича маслаҳатчиларни олиб кетаётган дипломатик поезд станцияни тарк этганидан бир неча дақиқа ўтиб содир бўлди. Бу ҳақда Украина давлат темир йўл оператори “Укрзализница” хабар берди.

Қайд этилишича, дипломатик поезд Киевда ўтказилган Ялта Европа стратегияси конференциясидан қайтаётган юқори мартабали меҳмонларни олиб кетган. Поезд белгиланган вақтдан олдин жўнатилган.

“Россия дронининг асл нишони айнан дипломатик поезд бўлганининг эҳтимоли юқори. Чунки у станцияни режалаштирилган вақтдан олдин тарк этган”, дейилади “Укрзализница”нинг Telegram’даги хабарида.

Швециянинг собиқ бош вазири Карл Бильдт ҳужум видеосини X ижтимоий тармоғига жойлаштирган. Унинг айтишича, зарба берилган поезд улар ўтирган поезддан бир неча дақиқа кейин Польша чегараси яқинида ҳаракатланган.

“Бу бизнинг поездимиз эмас, балки Польша чегара ўтказиш пункти яқинида биздан бир неча дақиқа кейин келган поезд эди. Россия дрони яқинлашганда у эвакуация қилинди ва ҳеч ким жабрланмади. Хавфсизлик тизими жуда яхши ишлади. Бизнинг поездимизда эса фақат эвакуация ҳақида огоҳлантириш берилди”, деб ёзган Бильдт.

Маълум қилинишича, Бильдт, Жонсон ва бошқа йўловчилар сиёсат, бизнес, хавфсизлик ва ОАВ вакиллари иштирокидаги Ялта Европа стратегияси конференциясида қатнашиш учун Киевда бўлган.

“Укрзализница” маълумотларига кўра, ҳужум вақтида станцияда Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Дэвид Петреус бўлган яна бир поезд ҳам турган бўлган. Ҳозирча поездлардаги йўловчилар орасида қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Украина давлат темир йўл оператори ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида поездлар қатнов жадвалини мунтазам равишда ўзгартириб боришини билдирган.

Борис Жонсон X ижтимоий тармоғидаги постида Россия Президенти Владимир Путиннинг Польша чегарасида турган Украина локомотивига зарба бериш қарорини танқид қилган.

“Бу украиналиклар ҳар куни, ҳатто фуқаролик темир йўлларида ҳам дуч келаётган тасодифий ва маъносиз ҳужумларнинг яна бир кўринишидир”, деб ёзган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Украина бўйлаб амалга оширган ҳаво ҳужумларида камида 10 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одам яраланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг