Россия Украинада муваффақият қозонса, бунинг учун Хитой жавобгар бўлади – АҚШ
Олам
−
10 Апрель
13262Агар Россия Украинада муваффақият қозонса, АҚШ бунинг учун Хитой жавобгар бўлишини айтди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти вакилига таяниб, AFP хабар берди.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Курт Кэмпбеллнинг тушунтиришича, Россиянинг ҳудудий ютуқлари Европадаги кучлар мувозанатини “очиқ-ойдин қабул қилиб бўлмайдиган даражада” ўзгартириши мумкин.
"Биз Хитойга аниқ айтдикки, агар шундай давом этса, бу АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларга таъсир қилади. Биз четда туриб, ҳаммаси яхши, демаймиз. Биз бунга нафақат Россиянинг ўзига хос ҳаракати сифатида, балки Хитой ва Шимолий Корея томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳаракатлар мажмуаси сифатида қараймиз. Бу бизнинг манфаатларимизга зиддир", деб таъкидлайди Курт Кэмпбелл.
Унинг айтишича, Президент Жо Байден маъмурияти Хитой расмийларини Россия Президенти Владимир Путин 2022 йилнинг февралида Украинага бостириб киришга буйруқ бериши ҳақида олдиндан огоҳлантирган.
"Улар бизга тўлиқ ишонишганига ишончим комил эмас", деб тушунтирди Кэмпбелл.
Унинг сўзларига кўра, Пекин Россиянинг ҳарбий муваффақиятсизликларидан хавотирга тушган ва Москвага “бир қатор имкониятлар”ни қайтариш устида ишламоқда. Кэмпбелл Хитой Россияда режим ўзгаришини хоҳламаганини қўшимча қилди.
“Аммо икки йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Россия деярли бутунлай қайта жиҳозланди ва энди Украина ва унинг атрофидаги минтақа учун жиддий хавф туғдирмоқда", дейди расмий.
Давлат котиби ўринбосари Хитой Россияни қўллаб-қувватлаш учун янада муҳимроқ чоралар кўрса, Қўшма Штатлар Пекинга санкциялар билан бир неча бор таҳдид қилганини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Хитойга борган ва мавқедоши Ван И ҳамда ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашганди.