Россия Украинада “Майдан 3” тайёрламоқда – Зеленский 

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг мамлакатда “Майдан 3” ташкил этиш ва Зеленскийни лавозимидан четлаштириш режаси борлигини айтди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

"Бизнинг разведкада ҳамкорларимиздан олинган маълумотлар бор", деган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, бу режа Кремлда "Майдан 3" деб номланади. Бу Украина жамиятида бўлиниш, тартибсизлик яратиш ва охир-оқибат Зеленскийни лавозимидан олиб ташлашдир.

"Улар учун Майдан тўнтариш, шунинг учун операцияни тушуниш мумкин", дейди Президент.

Шунингдек, Зеленский Украина музлатилган можарога рози бўлмаслигини ва фронтда қишки жангларга тайёрланаётганини яна бир бор таъкидлаган.

Олдинроқ “Online.ua” нашри Украина ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, Украинани беқарорлаштириш мақсадида тайёрланаётган “Майдан 3” кенг кўламли ахборот ҳужуми ҳақида ёзган. Унга кўра, Россия махсус хизматлари томонидан ахборот кампанияси 2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларига мўлжалланган. Шунингдек, операция куратори Кремль сиёсий блоки раҳбари Сергей Кириенко, мафкурачиси эса Россия Федерацияси Президентининг собиқ ёрдамчиси Владислав Сурков бўлгани айтилади.


Маълумот учун, "Майдан" сўзи очиқ майдон ёки парк деган маънони англатади. Киевнинг марказий майдони, “Майдан Незалежности” ёки оддийгина Майдан бутун дунёга машҳур бўлиб, шу ерда Украина учун энг муҳим воқеалар турли вақтларда содир бўлган. Майдан, расмий нуқтаи назардан, Киев марказида жойлашган Мустақиллик майдони ҳудудининг бир қисмидир. Айнан у ерда 2004 ва 2013-2014 йилларда норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

2004 йилда Виктор Янукович ва Виктор Юшенко Украина президентлиги учун курашган. Янукович сайловларда ғалаба қозонди, аммо уни овозларни сохталаштиришда айбланди. Мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Митинглардан сўнг овоз беришнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, Юшенко ғалаба қозонди. У 2010 йилгача президентлик лавозимида ишлаган. Кейин унинг ўрнини Янукович эгаллади.

2013 йилда Украина раҳбари Россия ва МДҲ давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашга қарор қилди ва шу боис Европа Иттифоқи билан эркин савдо соҳасида ҳамкорликка тайёргарликни тўхтатди. Бу Украинада яна оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. 2014 йилда қуролли тўқнашувларда 104 намойишчи ва 17 хавфсизлик кучлари ҳалок бўлган. Кейин Янукович Киевдан қочиб кетди. Унинг ўрнини Пётр Порошенко эгаллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Зеленский Майдан 3

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг